Бобил (Вавилон) – Месопотамиянинг жанубий қисми милоддан аввалги 2-минг йилликнинг бошидан милоддан аввалги 538-йилгача мавжуд бўлган қадимги давлат. Марказий шаҳри Бобил номидан олинган. Милоддан аввалги 3-минг йилликда Месопотамияда шаҳар-давлатлар пайдо бўлган эди. Бобил шаҳри вужудга келмасдан олдин Дажла ва Фурот дарёлари орасида – Шумер ва Аккад давлатлари мавжуд бўлган. Милоддан аввалги ХХИ аср охирида кўчманчи семит (сомий) қабилаларидан бири аморийлар Аккаднинг катта бир қисмини босиб олгач, қудратли давлат барпо этиб, Бобил шаҳрини марказ қилганлар. Шу даврда эламликлар ҳам Шумерда ўрнашиб олган. Месопотамияда ҳукмрон бўлиш учун аморийлар билан элам қабилалари ўртасидаги курашда аморийлар ғолиб чиққан. Қадимий Бобил подшолигида аморийлар сулоласи (милоддан аввалги 1894—1518) мустаҳкамланиб олган. Бу сулола подшоларидан Ҳаммурапи (милоддан аввалги 1792—1750) Шумерни ҳам ўз давлатига қўшиб олган. Мустабид давлатни мустаҳкамлаш мақсадида Ҳаммурапи буйруғи билан юқори табақаларнинг манфаатини қўриқлашга қаратилган қонунлар мажмуаси тузилган. Бу қонунлар ерга эгалик, савдо-сотиқ, қулчилик, иқтисодий–ижтимоий муносабатларни тартибга солган. 247 моддадан иборат қонунлар тўплами базалт устунига архаик миххат билан ёзилган. Бобил давлатининг энг равнақ топган даври – Ҳаммурапи ҳукмронлиги давридир. Ҳаммурапидан кейин Бобил давлати тушкунликка юз тута бошлаган.

Милоддан аввалги 1518-йилда касситлар Месопотамияга бостириб кириб, Бобилда ўз ҳукмронлигини ўрнатган. Касситлар сулоласи даврида (милоддан аввалги 1518—1204) чорвачилик ривожланган, қўшни Миср давлати билан савдо ва дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Бу даврда оссурияликлар ва эламликлар бир неча марта Бобилга ҳужум қилган. Шундан кейин Бобил сиёсий жиҳатдангина эмас, балки маданий жиҳатдан ҳам тушкунликка учрай бошлаган.

Милоддан аввалги ВИИ асрда Бобил оссурияликлар томонидан икки марта (689 ва 648 йиллар) вайрон этилган. Милоддан аввалги 626–йил Оссуриянинг Бобилдаги ноиби, халдейлар қавмидан бўлган Набопаласар Оссуриядан ажраб чиқиб ўзини Бобил подшоси деб атаган. Шу вақтдан Янги Бобил подшолиги ёки Халдей даври (милоддан аввалги 626— 538) бошланади. Набопаласар Мидия подшоси Киаксарга Оссурия билан урушида ёрдам бериб Оссурия давлати ҳудудини у билан бўлишиб олган. Набопаласарнинг ўғли Навуходоносор ИИ (Шарқ адабиётида „Бухтуннаср“) (милоддан аввалги 604—562) мисрликларни Олд Осиёдан батамом сиқиб чиқарган. Милоддан аввалги 586–йил Қуддусни вайрон қилган, Яҳудия Бобил вилоятига айланган, 574–йил Тирни эгаллаган. Янги Бобил подшолиги даврида Бобил шаҳри ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий этган, савдо, ҳунармандчилик, бинокорлик ривожланган энг йирик шаҳарлардан бирига айланган. Навуходоносор қурган дабдабали биноларнинг харобалари ҳозиргача сақланиб келган. „Бобил“ деб юритиладиган тепалик қазилганида, катта бир сарой харобаси, „қаср“ тепачаси қазилганда Навуходоносор замонидан қолган ажойиб бинолар топилди. Уларнинг деворлари гуллар солинган сирли кошинлар билан безатилган. Диний маросимларда юриладиган муқаддас йўл ҳам шу сарой ёнидан ўтган. Бу йўлга тошдан йўнилган плиталар ётқизилган, плиталарда миххатлар сақланган. Навуходоносор даврида Бобил подшолиги ўз тараққиётининг иккинчи юксалиш даврига чиққан. 555–йилдаги давлат ўзгаришидан сўнг Бобил тахтига ўтқазилган Набонид (милоддан аввалги 555—538) мамлакатнинг бир бутунлигини сақлаш учун ҳаракат қилди, лекин ахоманийлар подшоси Кир ИИ милоддан аввалги 538-йилда Бобилни ўз давлатига қўшиб олди. Бобил подшолиги шу тариқа қулади.

Манбалар