Божхона — 1) бож ундирадиган жой; 2) чегара орқали ўтадиган жами юкларни, жумладан, багаж ва почта жўнатмаларини назорат қиладиган давлат муассасаси; ўтказилаёган юкларни текшириш, тартибга солиш ва расмийлаштириш, улардан бож ва йиғимлар ундириш билан шуғулланади.Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибқоидаларнинг бузилишини олдини олиш, уларга нисбатан чоралар кўриш, суриштирув ва тезкор қидирув ишлари олиб бориш, контрабандага қарши курашиш ҳам Б. ваколатига киради. Б.лар, одатда, денгиз ва дарё портларида, халқаро аэропортларда, темир йўл стансия, чегара пунктларида жойлашади. Б. муассасалари ташқи савдода мамлакат манфаати таъминланишини назорат қилади, қимматбаҳо бойликлар (санъат асарлари, нодир металлар ва бошқалар) нинг мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетилишининг олдини олади.

Дастлабки Б.лар савдогарларга кўрсатиладиган хизматлар учун бож ундириш мақсадларида ташкил этилган. Қад. Хитойда ипак қуртини ташқарига олиб чиқмасликни Б. қатъий назорат қилган. Буюк Британияда 1006-йилдан бошлаб оролга келтириладиган ҳар қандай юкдан "қирол ҳақи" ундирилган. Болтиқ денгизини Жаҳон океани билан туташтирадиган бўғоздан ўтганлиги учун олинадиган "зунд божи" асрлар давомида Дания қироллиги хазинасини бойитиб келган. Савдо-сотиқ эркинлиги ва хавфсизлигини таъминлашда Б. муҳим ўрин тутган, олиб ўтилаётган товарга махсус белги қўйилган ва бу товардан бож олинганини ифода этган. Ўрта асрларда карвон йўлларида, махсус жойлар (кўприклар, довонлар ҳамда шаҳар ташқариси ва бошқалар)да савдо карвонларидан бож олувчи Б.лар бўлган.

Ўрта Осиё ҳудудида Б.лар узоқ тарихий даврда шаклланиб келган. Ўзбекистонда биринчи ПаттаҲисор Б.си ХИХ аср нинг охирларида Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олгандан кейин ташкил этилган. Бу Б. Афғонистон орқали ўтадиган юкларни назорат қилган. Собиқ Иттифоқ вужудга келгач, бу пост Термиз Б.сига айлантирилди. Кейинчалик ҳаво йўлларининг ривожланиши билан 1958-йилда Тошкент аэропортида Тошкент Б. пости ташкил этилди ва у Термиз Б.га бўйсундирилди. 1959-йил апрелда Тошкент Б. пости Б.га айлантирилди. Ўзбекистон Б. тизимининг кейинги ривожи натижасида 1984-йилда Тошкент Б.си таркибида бўлган Тузел қўрғони (аэропорт) ва Фарғона Б. постлари барпо этилди. 80- йиллар охирига келиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий алоқалари кенгайиши билан Б. тизимини такомиллаштириш зарурати туғилди. 1988-йил октабрда Тошкент Б. си негизида Ўзбекистон Республикаси божхонаси тузилди. Бу Б.лар республика органларига бўйсунмай собиқ Иттифоқ Б.си таркибига кирар эди.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қулга киритгач, 1991-йил 24-октабрда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси тузилди. Ташки иқтисодий фаолиятни, Б. ишини тартибга солувчи қонунлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, улар халқаро ҳуқуқ меъёрлари билан уйғунлаштирилди. 1997-йил 8-июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Республика Б. хизматига ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи мақоми берилди. 1997-йил 29 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 9 сессиясида Ўзбекистон Республикасининг "Бож тарифи тўғрисида", "Давлат божхона хизмати тўғрисида"ги Қонунлари, 1997-йил 26 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилинди (қаранг Божхона кодекси). Қорақалпоғистон Республикасида, барча вилоятларда ва Тошкент шаҳрида божхона хизмати бошқармалари, қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларидаги магистрал йўлларда шу бошқармаларга қарашли Б. постлари фаолият кўрсатади.

Республикада Б. органларининг асосий вазифалари ўз ваколати доирасида Ўзбекистоннинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш; Ўзбекистон Б. ишларига оид қонунчиликнинг бузилмаслигини назорат қилиш; УзРнинг халқаро шартномалардаги Б. ишларига оид бандларнинг бажарилиб борилишини таъминлаш; контрабандага қарши кураш; Б. статистикаси, шунингдек ташки иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш; валюта назоратини амалга ошириш, стратегик ҳамда республика учун муҳим бошқа маҳсулотларни олиб чиқиб кетилмаслиги устидан назорат юритиш ва бошқалардан иборат. Ўзбекистон ҳудудида Б.лар фаолиятини уюштириш ва унга раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси олиб боради. Ўзбекистон Республикаси Жаҳон божхона ташкилотига аъзо (1994).

Ўткир Комилов.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил