Божхона кодекси — давлат божхона органлари ишининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб берувчи, уларнинг фаолиятини амалга оширишни тартибга солувчи, ягона тизимга солинган қонун ҳужжати. Божхона кодекси қонун чиқарувчи органлар томонидан халқаро божхона қоидаларига асосланиб, давлат манфаатлари таъминланишини кафолатлайдиган тарзда ишлаб чиқилади. Божхона кодексида божхона органларининг вазифалари, ҳуқуқ ва бурчлари ҳамда божхона ишлари ташкил этилишининг меъёрлари ўз аксини топади, контрабанда ва божхона қоидаларини бузилишига қарши кураш олиб бориш тартиблари ифодалаб берилади. Божхона декларацияда қайд этилган товар ва буюмларга солинадиган божхона божлари, товар (мулк)ларнинг божхона назоратида сақланиши ва турли божхона йиғимларини ундиришда Божхона кодекси асос бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси Олий Мажлис томонидан 1997-йил 26 декабрда қабул қилиниб, 1998-йил 1-мартдан амалга киритилди. Божхона кодекси 198 моддани ўз ичига олган бўлиб, 19 боб, 11 бўлимдан иборат. Унда умумий қоидалар (божхона иши, ҳудуди, қонун ҳужжатларининг амал қилиш тартиби, асосий тушунчалар ва бошқалар) (1 бўлим), товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб ўтиш тартиби(ИИ), божхона назорати, расмийлаштирилиши ва тўловлари (ИИИ), дастлабки операциялар (ВИ), бож имтиёзлари (ВИИ), назорат остида товар етказиб бериш тартиби (ВИИИ), божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик (ИХ), бундай ишларни юритиш (Х) ва жазо бериш тўғрисидаги қарорларни ижро этиш (ХИ) каби масалалар ўз ифодасини топган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Манбалар