Болалар фолклори — оғзаки ижод намуналари. Одатда болалар ёки улар учун катталар томонидан яратилади. Фолклор жанрининг таркибий қисми. Ўзбек Болалар фолклори алла, эртак, эрмаклар, тез айтиш, топишмоқ, болалар ўйин қўшиқлари, эркалама, масхаралама ва бошқаларни ўз ичига олади. Болалар фолклори боланинг тинглашига, айтиб юришига, ўйинига, қўшиғига мосланган бўлади. Ўзбекистонда Болалар фолклори намуналари тўплам ҳолида 1932-йилдан нашр этила бошлади. Катталар томонидан яратиладиган алла, овутмачоқ ва эркаламалар оналар меҳрмуҳаббати билан йўғрилган бўлиб, уларда гўдакнинг истиқболига оид орзуумидлар, бола яшаётган муҳит ўз ифодасини топади. Болани белаш, ўтқазиш, атакчечак юргизиш, сакратиш, ўйнатиш ва овутишларда "Тойтой", "Бордиборди" ва бошқа овутмачоклар айтилади. Болалар қўшиқларининг кўплари йил фасллари билан боглиқ. "Бойчечак", "Офтоб чиқди оламга", "Читтигул", "Лайлак келди, ёз бўлди", "Қурбақа", "Қалдирғоч" каби қўшиқларни болалар том бошида, далаларда, қишлоқ кўчаларида айтишади. Улар баҳор келиши, ёмғир ёғиши, қуёшнинг оламни иситиши, илк чечак, биринчи қор каби фасл ва табиат ҳодисалари билан боғлиқ. "Бу боғчада олча", "Зувзув борағон", "Чамандагул", "Оқ шоли, кўк шоли" ва бошқа қўшиқлар турли даврда айтилаверади. Уларда овчилик, деҳқончилик, чорвачилик, ҳунар ва санъат билан боғлиқ меҳнат жараёнлари, катталар хатти-ҳаракатларига тақлид акс этади. Ўйинлар ҳам, қўшиқлар ҳам болаларнинг ақлий ва жисмоний камолатга етишига ёрдам беради, уларда завқ уйғотади. Ўйинлар Болалар фолклори нинг мураккаб тури бўлиб, уларда драма ва мусиқа унсурлари чатишиб кетади. Ўйинларни кичик ёшдаги болалар "Чорий чамбар", "Ҳаккалакам" каби санама ўйинидан, катта болалар "Қушим боши" деган топишмоқдан бошлайди.

Болалар боғчалари, мактабларда ўйинлардан кенг фойдаланилади. Болалар фолклори ёш авлодни интизомли, жасур, қатъиятли, қийинчиликларни енгишга, ўртоқларига ёрдам беришга тайёр бўлиш сингари яхши сифатларга эга бўлиб ўсишларига ёрдам беради. Унинг айрим намуналари мактаб дарсликлари ва ўқиш китобларига киритилган (яна қаранг Болалар ўйин қўшиқлари).

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Жаҳонгиров Ф., Ўзбек болалар фолклори, Т., 1975; Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди, Т., 1980; Сафаров О., Ўзбек болалар поэтик фолклори, Т., 1985.