Болалар театри – 1) Болалар томонидан ижро этиладиган спектакллар. Ғарбий Европа ўқув юртларида ХВ асрдан маълум. Собиқ Иттифоқ Республикаларида ХХ асрнинг 20-йилларидан пайдо бўлди. Болалар бадиий ҳаваскорлигининг бир тури сифатида ўқувчилар уйи ва саройлари, мактаб ва бошқа жойларда ташкил топди; 2) болалар ва ўсмирлар учун хизмат қиладиган профессионал театр. Ёш авлодни бадиий, эстетик ва ғоявий жиҳатдан тарбиялашга хизмат қилади. Репертуари эртак ва болалар адабиёти наъмуналари асосида ёзилган инссенировкалардан, мумтоз драматургиянинг мактабда ўтиладиган намуналаридан, болаларбоп песалардан иборат. Драматик (ёш томошабинлар театри) ва қўғирчоқ театри каби турлари бор.

Ўзбекистонда Болалар театри илк бор 1928-йилда Тошкентда (Рус ёш томошабинлар театри) ташкил топди. Шу жамоа қошида дастлаб ўзбек қўғирчоқ театри, 1929-йилда театр студияси юзага келди. Студияни ташкил этишда С. Этен, Н. Эшмуҳамедов ва А. Исмоиловларнинг хизмати катта. 1930-йил шулар ташаббуси билан студия профессионал Болалар театри га айлантирилди. 1930-1940-йилларда Тошкент, Наманган, Андижон, Қўқон, Фарғона, Урганч, Тўрткўл ва бошқа шаҳарларда Болалар театрлари самарали иш олиб бордилар ва диққатга сазовор спектакллар қўйдилар: „Тоҳирнинг ханжари“ (Э. Ҳамроев), „Ёрилтош“ (Ш. Саъдулла), „Семурғ“ (Зулфия), „Абдулла Набиев“ (А. Раҳмат) ва бошқа шулар жумласидан. 1968-йил Бирлашган Ёш томошабинлар театри Рус ёш томошабинлар театри ва Й. Охунбобоев номидаги ўзбек Ёш томошабинлар меампура ажратилди. „Мардлар қиссаси“ (Б. Раҳмонов), „Аму қаҳрамонлари“ (П. Тлегенов), „Қовоқвой ва Чаноқвой“ (П. Мўмин), „Али Вали“ (Л. Маҳмудов), „Чиранма ғоз —ҳунаринг оз“ (Ҳ. Назир), „Машарабоз Али“ (Л. Бобохонов), „Сеҳрли най“ (М. Халил) ва бошқа энг яхши спектакллардир.

Республика давлат қўғирчоқ театри, Андижон давлат болалар ва ёшлар театри, Андижон қўғирчоқ театри, Бухоро қўғирчоқ театри, Самарқанд қўғирчоқ театри ва бошқа театрлар ишлаб турибди.

Республика Болалар театрини йўлга қўйиш ва ривожлантиришда Ж. Обидов, А. Дониёров, А. Турдиев, Й. Аъзамов, А. Гинзбург, Н. Ладигин, Н. Дўстхўжаев, И. Аҳмедов, О. Толипов, И. Ёқубовларнинг ҳиссаси катта. В. Қодиров, Б. Нурмуҳамедов, М. Ҳамидова, Л. Саъдуллаев, Г. Саъдуллаева, М. Йўлдошева ва бошқа энг яхши болалар актёрларидир. Ўзбекистонда 6 та қўғирчоқ, 3 та ёш томошабинлар театри ишлайди (1998).

Ҳамид Икромов, Моҳина Аширова.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил