Борсакелмас – Орол денгизининг шимолий ғарбий қисмидаги орол. Қозоғистоннинг Кизилўрда вилоятида. Узунлиги 27 км, эни ғарбда 11,5 км, шаркда 2,5 км. Майдони 133 км² (1961). Қирғоқлари асосан текис, паст, жанубий қирғоғи бир оз баланд ва қояли. Ер юзаси тепалик ва сойликлардан иборат пасттекислик. Аксари қисмининг баландлиги 100 м, энг баланд жойи 113 м. Б. да доимий ва муваққат кўллар, соҳилида шўр кўллар учрайди. Оролнинг шимолий ярми қумли пасттекислик, унда қум тепалари ва тақирлар кўп. Борсакелмас асосан палеоген (юқори эоцен) нинг мергелли ва қумли гиллари ҳамда кварсли қумларидан, жанубий энг баланд қисми қуйи ва ўрта олигоценнинг гил, алеврит ва қумтошларидан ташкил топган. Оролнинг шимолий ва шарқининг гил ётқизиқлари устини голоценнинг чўкинди жинслари қоплаган. Иқдими континентал; июлнинг ўртача температураси 26°, январники – 11°, ўртача йиллик ёғин 120–160 мм. Борсакелмас да кўпроқ бўзқўнғир тупроқлар, тақирли тупроқлар, шўрхоклар тарқалган. Сийрак чўл ўсимликлари, кўпроқ шувоқ, шўра, бурган, шўртоб ва шўрхок ерларда қиёқ, қамиш ўсади, ондасонда саксовулзорлар учрайди. Қумли ерларда қизилча, каучукли хондрилла, янтоқ, ёввойи сули ўсади. Баҳорда қўнғирбош, лола, буғдойиқ, равоч каби эфемер ўсимликлар ўсади. Б. да сут эмизувчиларнинг 13 тури, паррандаларнинг 202 тури, судралиб юрувчиларнинг 8 тури яшайди. Шунингдек хос ҳайвонлардан қўшоёқ, олахуржун, юмронқозиқ, сайғоқ, жайран, қулон, тулки, типратикан, думалоқбош калтакесак, заҳарли қалқонтумшуқ илон, чипорилон, сувилон, паррандалардан булдуриқ, йилқичи, сув бургутлари, миққий, тўрғай, қарқуноқ, қарға, зоғча, чумчуқлар бор. Тўқайзорларда ўрдак, лойхўрак, балиқчи қушлар, денгиз бўйида қоравойлар галагала бўлиб яшайди. Б.да ўсимлик ва ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш мақсадида 1939-йилда Борсакелмас қўриқхонаси ташкил этилган. 1961-йилдан эътиборан денгиз сатҳининг пасайиши натижасида оролнинг майдони кенгайиб бормоқда, ҳозир у қуруқлик билан туташди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил