Босма машина — китоб, газета, журнал, брошюра, этикетка, плакат ва бошқа матбаа маҳсулотлари чоп этиладиган машина. Матбаа жиҳозларидан асосийси ҳисобланади. Дастлабки Босма машина (босма станок)ни немис ихтирочиси И. Гуттенберг 1441—1445 йилларда ихтиро қилган.

Босма машина нинг асосий узеллари: бўёқни қолипдан қоғозга ўтказувчи босиш аппарати; қолипга бўёқ суркаш аппарати, қоғозни босиш аппаратига узатувчи ва нусхаларни машинадан чиқарувчи қоғоз ўтказиш механизми; босилган маҳсулотларни қабул қиладиган ва уларга ишлов берадиган қўшимча қурилма; машинани бошқариш юритмаси ва тизими.

Босиш усулига кўра, босмахона Босма машина си юқори босма, текис босма ва чукур босма хилларга бўлинади. Босиш қолипи ва унга қоғоз (ёки бошқа материал)ни сиқиб турувчи сиртнинг турига кўра, тигелли, текис ва ротацион Босма машина лар бўлади (расм). Тигелли Босма машина да нусхалар икки сирт — босма қолип ва қоғозни қолипга сиқиб турувчи тигелнинг ўзаро таъсири натижасида олинади. Унда бланклар, муқовалар, безаклар босилади. Текис Босма машина да босма қолип бир текисликда ётади, қоғозни шу қолипга силиндр сиқади. У безак ва кўп бўёқли босмалар учун мўлжалланган. Ротацион Босма машина да қолип ва унга қоғозни сиқадиган сирт силиндр шаклида бўлади; улар бир хил тезликда айланади. Бундай машинада газета, журнал, китоб, бланклар, билет ва бошқа маҳсулотлар босилади. Босма машина қоғоз турига қараб ҳам хилларга бўлинади: варақларга босадиган ва қоғоз ўрами (рулон) дан узлуксиз узатиб туриладиган қоғозга босадиган (ротацион) машиналар. Босма машина қоғоздан ташқари темир, картон, ойна, пластмасса, тўқимачилик материаллари ва бошқаларга босадиган хилларга ҳам бўлинади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил