Босма монтаж — микроэлектрон қурилмалар элементлари (қисмлари)ни монтаж қилиш усули. Бунда электр улашлар электр ўтказувчи юпқа металл ленталар (симлар) орқали амалга оширилади( қ. Босма плата). Босма монтаж элементлари ўзгармас ва ўзгарувчан қаршиликлар, конденсаторлар, индуксия ғалтаклари, трансформаторлар, транзистор ва диодлар, реле, улагичлар ва алмашлаб улагичлардан иборат. Радиоэлектроникада ва, айниқса, космик аппаратларда микроэлектрон қурилмаларни мумкин қадар ихчамлаштиришнинг жуда катта аҳамияти бор. Бу соҳада 3 омил; қурилманинг ўлчами, пухталиги ва нархи муҳим рол ўйнайди. Микроэлектрон схемада 1 см2 сатҳга элементларни ўзаро уловчи 14 га яқин сим тўғри келади. Бунга эришиш учун кўп қаватли Босма монтаж дан фойдаланилади. Ўтказгичлар (симлар) бир-бирига электрон нур ёрдамида пайвандланади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил