Оддий босқонлар

Босқон ёки бозғон — 1) катта залвар болға. Қадимги ишлаб чиқариш қуролларидан бири. Пўлатдан ясалади, оғирлиги 4–6 кг, ёғоч дастасининг узунлиги 1 м гача бўлади. Қизиган пўлат ёки темирни сандонда босқон билан уриб ялпоқланади. Айрим жойларда, чунончи Самарқандда темирчиларнинг дами ҳам босқон дейилади; 2) юқоридан тушадиган зарб кучи ҳисобига металл хом ашёга босим билан ишлов берадиган машина. Қўл кучи билан ишлатиладиган дастлабки босқон — ричагли босқон ХИИИ—ХИВ асрларда маълум бўлган. ХВИ аср бошларида чархпалакдан ҳаракатланадиган босқон пайдо бўлди, ХВИИИ асрда чархпалаклар ўрнини буғ кучидан, кейинчалик ҳаво кучидан фойдаланиб ишлайдиган босқон эгаллади. ХХ аср бошларидан электр юритмали босқонлар, 1940-йилларда портлама босқонлар, 1950-йилларда газ босқонлари яратилди. Вазифасига кўра, болғалаш ва штамплаш босқонларига; ҳаракатлантириш воситасига кўра, буғҳаво, пневматик (ҳаво), механик, гидравлик (суюқлик), портлама, газ электрмагнитли босқонларга бўлинади. Ишлаш усулига кўра, оддий (тушувчи) ва қўш ҳаракатли (тушувчи қисмлари қўшимча тезлаштирилган) босқонлар бўлади.

Босқоннинг асосий қисмлари: поршен, шток ва баба (мухра); шабот (залвор асос), станина, юритма ва бошқариш механизмлари. Босқон темирчилик штамплаш ишлаб чиқаришининг асосий машиналаридан бири ҳисобланади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил