Википедияда исми Ботир ва фамилияси Умиджонов бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Ботир Ҳошимович Умиджонов (1933.31.1, Душанбе 2004.2.9, Тошкент) — хор дирижёри, композитор. Ўзбекистон халқ, артисти (1982). Тошкент консерваториясини тугатган (1960). Ўзбек давлат филармониясида хор хонандаси ва хормейстер (1952— 60), Ўзбекистон телевидение ва радиосининг хор жамоаси ташкилотчиси, бадиий раҳбари ва бош дирижёри (1960—93). Муқимий театрида хормейстер (1995—2000). Дирижёр сифатида ўзига хос, миллий анъаналарга асосланган хор ижрочилигини яратишга муваффақ бўлган. Композиторлик ижоди Шарқ халқларининг мусиқа мероси ҳамда Европа кўп овозли (хор) мусиқа услубларининг уйғунлашувига асосланган. Ўзбекистон хор жамоаларининг миллий репертуарини шаклланишига катта ҳисса қўшган. 100 дан ортиқ ўзбек ("Чаманда гул", "Қилпиллама", "Қора соч", "Яллама ёрим" ва бошқалар), тожик ("Дилиман", "Чорбайтхо", "Эй санам"), қирғиз ("Комузчу", "Ой тобо"), қозоқ ("Япурай", "Шанибяу"), уйғур ("Уйнамду яхши"), озарбайжон ("Тесниф") халқ қўшиқлари, шунингдек, мумтоз ("Сарахбори Наво", "Сегоҳ", "Чоргоҳ") ашула йўлларини жўрсиз хор учун қайта ишлаган. "Асрим садоси" кантатаси (Ойбек; Д.Зокиров бн), "Ипак йўли" хор туркуми, "Оқибат" мусиқали драма, романс ва қўшиқлар, кинофилм ва радиоспектакллар мусиқалари муаллифи. Европа ва Осиё мамлакатларида гастролда бўлган, бир неча халқаро хор фестивали, анжуман ва танловлар қатнашчиси. Ижролари Ўзбекистон радиоси фоножамғармасида сақланади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил