Бойқаро Мирзо (1393—1423) - Ҳамадон ва Луристон ҳокими (1414— 15). Темурий. Умаршайх Мирзонинг ўғли. 1410-йилгача Шоҳрух Мирзо саройида, сўнг акаси, Ироқ ва Форс вилоятлари ҳокими Искандар Мирзо саройида хизмат қилган. Шоҳрух Бойқаро Мирзога Ҳамадон шаҳри, Вуружа ва Наҳованд қалъалари ҳамда бутун Луристонни суюрғол қилиб берган (1414). Бойқаро Мирзо Искандар Мирзо қутқуси билан 1415-йил Шоҳрухга қарши исён кўтарган ва шу йилнинг 9-июнида Шерозни эгаллаган. Шоҳрух катта қўшин билан шаҳарни қамал қилиб, уни 8-ноябрда қайта эгаллайди, Бойқаро Мирзо таслим бўлади. Шоҳрух уни дастлаб Қандаҳорга — Қайду Мирзо ҳузурига, бироқ у ерда ҳам исёнкорлик белгилари аён бўлгач, 1417-йил Самарқандга жўнатган. Кўп ўтмай Бойқаро Мирзо лашкаргоҳда қатл этилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил