Бойсун сойлиги — Бойсун тизмасининг жануби-ғарбий этакларидаги сойлик. Бойсун сойлиги шимолида Чағил тоғлари, шаркда Шеробод-Сариқамиш қирлари, жанубий ва жануби-ғарбда баланд тепаликлар ва паст тоғлар билан ўралган. Мутлақ баландлиги 1200 м. Бойсун сойлигида қиш унчалик совуқ эмас, ёз иссиқ ва қуруқ. Январнинг ўртача температураси —0,8°, июлники 27°. Йиллик ёғин миқдори 445 мм, асосан қиш ва баҳорда ёғади. Бойсун сойлиги ни шимолида Бойсун тизмаси этакларидан ва Чағил тоғлари ён бағирларидан бошланувчи сойлар кесиб ўтади. Бу сойлар фақат баҳорда тўлиб оқади, қолган вақтларда қуриб қолади. Бойсун сойлигида қумоқ, шўртоб ва бўз тупроқли ерлар кўп, деҳқончилик қилинади. Ясси тепалик ва қирларида лалми буғдой ва арпа экилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил