Браконерлик (франс. браcонниэр — ит билан ов қилувчи) — ов, балиқчилик қоидаларини ва ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунчиликнинг бошқа талабларини бузган ҳолда ёввойи ҳайвонларни овлаш ва қириш. Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси ЖК 202-моддасига биноан, овчилик, балиқчилик ёки ҳайвонот дунёсининг бошқа турларини ушлаш қоидаларини бузиш, ноёб ҳайвонларни тутишнинг белгиланган тартиби ёки шартларини, шунингдек махсус қўриқланадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонот оламидан фойдаланиш тартибини бузиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 й.гача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ билан жазоланади. Ўша қилмишлар ҳайвонлар, паррандалар, балиқ, ҳайвонот дунёсининг Қизил китобга киритилган бошқа турларини нобуд қилиш билан; кўп миқдорда зарар етказган ҳолда; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 й.дан 3 й.гача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд молмулк мусодара қилиниб ёки мусодара қилинмай 3 й.гача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша қилмишлар, хавфли ресидивист томонидан; шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб; ер, сув ёки ҳавода ишлатиладиган механизациялаштирилган воситалардан фойдаланиб; портлаш қурилмалари, заҳарли кимёвий моддалар ёки бошқа ялпи қириб юборадиган ёки нобуд қиладиган усулларни қўллаган ҳолда; уюшган гуруҳ томонидан; жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 75 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки молмулк мусодара қилиниб ёки мусодара қилинмай 3 й.дан 5 й.гача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил