Британия Сомалиси ёки Британия Сомалиленди (инглизча: Бритиш Сомалиланд) — ХИХ—ХХ-асрларда Буюк Британиянинг Сомали яримороли шимолидаги протекторати. Протекторатнинг ҳудуди Буюк Британиядан мустақилликка эришгандан кейин Сомали таркибига кирди. Ҳозирги вақтда собиқ Британия Сомалиси ҳудудида ўзини ўзи эълон қилган Сомалиленд давлати мавжуд. Ҳудуднинг қолган қисми федератив Сомалига қўшилишга интилаётган ўзини мустақил деб э’лон қилган Пунтленд давлати ҳамда (Сомали таркибидаги мухторият сифатида) Ҳатумо давлати назорати остида.

Тарихи

Протекторат 1884-йилда илгари Мисрга қарам бўлган ҳудудда ташкил этилган ва дастлаб Адандан келган инглизлар томонидан бошқарилган. 1898-йилгача маъмурий жиҳатдан Британия Ҳиндистонининг бир қисми бўлган. Кейинги йили Сомалилендда Дарвешлар давлатига асос солган “ақлдан озган мулла” лақабли саййид бошчилигидаги қаршилик ҳаракати бошланди. Исёнчиларга қарши кураш 1920-йилгача давом этди. Сомалиленд учун урушда инглизлар самолётлардан ва махсус “туя корпусидан” фойдаландилар.

1940—1941-йилларда Британия Сомалиленди италияликлар томонидан босиб олинди ва Италия Шарқий Африкасининг бир қисмига айлантирилди. Италян партизан ҳаракати минтақада 1943-йилнинг кузигача давом этди. Мустамлака ма’мурияти 1960-йил ёзида Сомалилендга мустақиллик беришга тайёр эканини э’лон қилди, уни Сомали (БМТ қарамоғидаги собиқ Италия колонияси) билан бирлаштириш нияти бор эди. Унинг тўлиқ мустақиллиги 1960-йил 1-июлда э’лон қилиниши керак эди. 1960-йил апрел ойида Буюк Британиянинг Сомали қонунчилик кенгаши мустақиллик ва кейинчалик Сомали билан бирлашишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Худди шу позиция Могадишодаги қўшма конференсияда ҳам тасдиқланди ва ҳамма томонидан маъқулланди. 26-июн куни Буюк Британия Британия Сомалиси устидан бўлган ҳуқуқларидан воз кечди. Шундай қилиб, Сомалиленд давлати 1-июлгача – ягона Сомали давлати тузилгунга қадар – бир неча кун давомида расмий равишда мустақил бўлди. Британия протекторати аҳолиси орасида референдум ўтказилмади.

1990-йиллардаги Сомали фуқаролари уруши мамлакатнинг бир неча қисмга бўлиниб кетишига олиб келди. Шимолий қисм — Сомалиленд — ўзини Британия Сомалисининг ҳуқуқий вориси деб ҳисоблаган (бу ерда 1960-йилда мустақилликка эришгач, олти кун давом этган суверен мавжудлик назарда тутилмоқда).

Собиқ Британия Сомалиси ҳудудида ҳозиргача Сомалиленд ва Пунтленд ўртасида қабилалараро зиддиятлар сабабли таранг вазият сақланиб қолди. Барча раҳбарлик лавозимларига фақатгина исаак қабиласи вакиллари тайинланадиган давлат бўлган Сомалиленд ҳукумати мамлакат шарқида яшовчи дарод қабиласи вакиллари (субқабилалар — дулбаҳанте ва варсангали) томонидан қаршиликка дуч келди. Бу субқабилалар Дарод (Пунтленд мухтор давлати) халқининг аксарияти яшайдиган Сомали билан бирдамликка интилишди. Бироқ Пунтленд Сомалиленднинг кенгайишига қарши курашни сустлаштиргач, хусусан 2007-йилда Сомалиленднинг Дулбаҳанте қабиласининг пойтахти бўлган Ласанод шаҳрини эгаллаб олишига кўникканидан сўнг, Дулбаҳанте субқабиласи ўзининг мустақил деб э’лон қилинган давлатларини (Нортленд, Сул-Санааг-Айн) туза бошлади. Ҳатумо шимолида яшовчи бошқа бир субқабила — Варсангали ҳам ўз давлати бўлган Мааҳирни тузди, у ҳозирда Пунтленд таркибига кирди.

Яна қаранг

Собиқ Британия Сомалиси ҳудудининг ҳозирги ма’мурий бўлиниши:

Манбалар

  • Мариа Бронс: Сомалиланд. Зwеи Жаҳре нач дер Унабҳäнгигкеицерклäрунг (= Арбеитен аус дем Институт фüр Африка-Кунде. 89). Институт фüр Африка-Кунде, Ҳамбург 1993, ИСБН 3-928049-23-2, С. 4 фф., 39.
  • Марк Брадбурй: Беcоминг Сомалиланд. Прогрессио у. а., Лондон 2008, ИСБН 978-1-84701-311-8, С. 23 фф.