Бронислав Малиновский (1884-1942-йиллар) этнологиядаги машҳур классик олимлардан бири.

Фаолияти

У Кракова шаҳрида туғилган ва таҳсил олган. Янги Гвинея ва Маланезияда дала этнографик тадқиқотларини олиб борган.1927-1938 йиллар мобайнида Лондон иқтисодиёт мактабида ишлаган, 1938 йил АҚШга иммигрант бўлиб кетган ва умрининг охири (1942 йил) гача Ел' университетида ишлаган. Малиновский маданиятга оид эмприк назариясини яратган.

Асарлари

Тадқиқотчи олим ўзининг назариясини яратиш жараёнида олдинги тадқиқотчиларни дала-этнографик экспедисиялар ўтказмаганликда ва фақатгина музей материалларини ўрганиш билан чегараланиб қолганликда танқид қилган. Шубҳасиз у олиб борган дала-тадқиқотлари жараёнида жуда ҳам қизиқарли илмий хулосаларга келган. Малиновскийнинг кузатишича, этнология кўпинча қандайдир психологик гипотеза, ёки фақатгина бирор буюм-ёки предметни тавсиф қилиш билангина чекланиб қолмаслиги лозим. Унинг фикрича, ташқи кузатув кўпинча англашилмовчиликка олиб келиши мумкин. Шу боис ички хусусиятларни чуқур англамасдан туриб маданиятни яхлит тарзда тушуниб бўлмайди. Бу ўринда маълум бир буюмни нафақат тавсифлаш, балки у қандай яратилган, қай тарзда ва қандай вазиятда ишлатиш мумкин, ушбу ашё кимга тегишли ва ким томонидан ишлатилишини ҳам тадқиқотчи англай билиши лозим. Машҳур инглиз тадқиқотчиси этнология фанининг тавсифий, фактологик хусусиятига қарши бўлиб, бу фақатгина маданиятнинг айрим хусусиятларинигина акс эттиради, деган хулосога келган. Малиновский маданият назариясига оид ўз қарашларини 1944 йилда инглиз тилида нашр этилган „Маданиятнинг илмий назарияси“ номли китобида баён қилган. Унинг фикрича, маданият фақатгина инсонларга хос биологик хусусият бўлса-да, инсонлар ҳам тирик жонзотлар ҳисобланади. Шу боис у ўзининг биологик эҳтиёжини қондириш мақсадида озиқ-овқат, ёнилғи каби кундалик эҳтиёж буюмларини қидириб топади, уй-жойлар қуради ва кийим-кечакларни тикиб кияди. Демак, у мазкур амаллари орқали ўз атрофида ишлаб чиқариш муносабатларини шакллантиради ва бу фанда маданият деб юритилади. Турли маданиятлар орасидаги ўзаро фарқ инсонларнинг турфа хилдаги оддий эҳтиёжларини қондириш усуллари билан изоҳлаш мумкин. Шу боис ҳам маданият моддий ва маънавий маданиятга бўлинади. Ўз навбатида Б.Малиновский антропология ва этнологиянинг муҳим вазифаларини, жумладан, дунё маданиятларини тадқиқ қилишни асос қилиб олган дастлабки этнологик мактаб вакиллари қарашлари борасида ҳам ўзининг муносабатини билдириб ўтган. Айниқса, у машҳур олим Э.Тайлорнинг „қолдиқлар методи“ни жиддий танқид остига олган. Унинг фикрича, ушбу услуб асосида тадқиқотлар олиб борган кўпгина олимлар ҳар бир нарса ёки кўринишдан қолдиқий хусусиятларни излаганлар. Аслида эса ҳар доим ҳам қолдиқий кўринишлар эмас, балки маданият кўринишлари бўлиб, ундаги эски кўринишлар ўрнини янгилари эгаллаган. Малиновскийнинг фикрича, қолдиқий кўринишлар этнология фанига жиддий зарар етказган ва у маданият кўринишларининг ўзаро функсионал боғлиқлиги муносабатларига зиддир. Машҳур олимнинг тасдиқлашича, маданиятда ҳеч қандай ортиқча, тасодифий ёки қолдиқий кўриниш бўлмайди. Маданиятдаги барча кўриниш ёки ҳолат маълум бир функсияни бажаради. Агар бундай бўлмаганда эди бундай кўринишлар аллақачонлар истеъмолдан чиқиб кетган бўлар эди. Жумладан, қандайдир бир урф-одат қандайдир бир жараёнда қўлланилар экан, демак у нимагадир зарурдир. Қолаверса Б. Малиновский диффузионистларни ҳам танқид остига олади ва унинг фикрича, диффузионистларнинг катта хатоларидан бири мазкур оқим тарафдорлари маданиятни тирик бир организм тарзида эмас, балки жонсиз буюмлар мажмуидан иборат деб ҳисоблаганликларидир[1].

Манбалар

  1. ↑ Аширов Адҳамжон Азимбоэвич Атажанов Шерзод. Этнология.:Тошкент-2006