Буддизм (Будда номидан олинган), Буддавийлик — жаҳонда кенг тарқалган динлардан бири (христианлик ва ислом дини билан бирга). Унга э’тиқод қилувчилар тахминан 500 млн.дан ортиқ. Милоддан аввалги 4--ВИ асрларда Ҳиндистонда пайдо бўлган. Марказий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида ва Узоқ Шарқда тарқалган. Ҳозирги кунда Б. Шри-Ланка, игввфмн, Лаос, Камбоджа, Ветнам, Тибет, Бутан ва Япокаби давлатларнинг асосий динидир. Б. муайян тарихий даврларда Хитой, Ҳиндистон, Корея ва Индонезияда, деярли бутун Осиё халқлари, яъни жаҳоннинг салкам 2/3 кисми аҳолиси маънавий қадриятларига жуда катта таъсир кўрсатган. Ривоятларга кўра, Б.га Сиддҳартҳа Гаутама (Будда) асос солган.

Буддизмда иккта асосий йўналиш мавжуд: Хинаяна ва Маҳаяна. Шунингдек, Маҳаяна ичида Ваджраяна (Тибет буддизми ёки Ламаизм) йўналиши ҳам шаклланган. Кейингиси жуда кўп секта ва мазҳабларга бўлинади. Бошқа динлардан фарқли равишда Б.да ҳеч бир ўзгармас нарса йўқ, ҳатто худо ҳам ўзгарувчан, деб уқтирилади. Фақат он ёки лаҳзалар силсиласи мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири йўқолиб, кейингисига ўрин беради. Б. таълимотига кўра, инсон доимо азобуқубатга маҳкум ва бунга унинг ўзи сабаб бўлади. Зеро у, бефойда бўлсада, ўз ҳаёти ва фаровон турмушини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Азобуқубатдан қутулиш учун кўнгил хуш кўрган барча нарсалардан ўзини тийиш даркор. Мунтазам равишда ёлғондан, ўғриликдан, бошқага зарар етказишдан, зинодан ўзини тийиш ҳамда медитация (онгни олий ҳақиқатга етишишга қаратиш), "бодхи", яъни "хотиржамлик"ка ва охироқибатда нирванага (азобуқубатнинг тугашига) олиб келади. Нирванага етишиш учун талаб қилинадиган ахлоқий баркамоллик бир эмас, бир неча ҳаётни тақозо этиши мумкин. Б. заминида 3 нарса — Будда, Дҳарма ва Сангхага эътиқод ётади. Будда (Сиддҳартҳа Гаутама) олий ҳақиқатга етишишнинг ёрқин тимсоли. Дҳарма — Гаутама қолдирган таълимот. Бу таълимотнинг энг қисқа баёни "тўрт олий ҳақиқат"дан иборат: 1) азобуқубат мавжуд; 2) азобуқубатнинг сабаби (истак) мавжуд; 3) азобуқубатнинг тугаши (нирвана) мавжуд; 4) азобуқубатнинг тугашига олиб келувчи саккиз босқичли йўл мавжуд. Сангха — Будда асос солган ва ҳозиргача фаолият кўрсатиб келаётган роҳиблар жамоаси. Тор маънода бу — ўтган аерларда "олий ҳақиқат"га етишган кўплаб авлиёлардир. Сангха жамоасига кабул этилган шахс қуйидаги 10 фарзни адо этишга қасамёд қилади: 1) ҳеч ким ёки ҳеч нарсани ҳаётдан жудо қилмаслик; 2) ёлғон сўзламаслик; 3) ўғрилик қилмаслик; 4) жинсий алоқага кирмаслик; 5) маст қилувчи ичимлик ичмаслик; 6) куннинг иккинчи ярмидан то эртанги саҳаргача овқат тановул қилмаслик; 7) уч кийимдан ортиқ ҳеч нарса билан танани безамаслик; 8) оммавий кўнгилхушликларда иштирок этмаслик ва томошабин сифатида қатнашмаслик; 9) баланд ва юмшоқ ўринда ётмаслик; 10) пул ишлатмаслик. Роҳиблар жамоаси асосан Б. тхеравадаси (айнан — оқсоқоллар таълимоти)га хосдир. Махаянада "ҳақиқат йўли" ҳар ким учун очиқ: роҳибларга ҳам, дунёвий кишилар (яъни оддий қавм)га ҳам; Буддага эътиқод қилинса, бас. Кенгроқ қаралганда, Сангха — муқаддаслик ва қудрат хазинаси. Кисқаси, Б. — Буддага эргашиб, Дҳарма талабларини бажариш ва Сангха жамоасининг аъзоси бўлиб қолишдир.

Б. тарихи 2500 йилдан ортиқдаврни ўз ичига олади. Унга дастлаб брахманизм ва жайнизмниит таъсири кучли бўлган. Император Ашока (милоддан аввалги ИИИ аср) даврида Б. кучли мустақил дин сифатида шаклланди. 9 а. муваффақиятли фаолият кўрсатган Б. Ҳиндистонда инқирозга юз тута бошлади ва пировардида бу ерда унинг ўрнини хиндуизм тўлиқ эгаллади. Аммо Б. Шри Ланка, Жан.Шаркий Осиё ва Марказий Осиё оркали Хитой, Корея, Япония ва Тибетга ёйилиб улгурган эди. Шри Ланка ва Жан.Шарқий Осиёнинг материк қисмида Б. тхеравадаси (қад. анъаналарга содиқлик), Хитой, Корея, Япония ва Тибетда эса махаяна (янгича ёндашувлар) таркалди. ХВ асрда Осиё қитъасида пайдо бўлган европаликлар Б. билан танишдилар. Уларнинг баъзилари Б.га киргач, Англия, Германия, АҚШда ўз жамоаларини ташкил этдилар. Хитойлик ва япониялик муҳожирлар бу эътиқодни Гавай ороллари ва АҚШнинг ғарбий соҳилларига олиб келдилар. Ҳозирги пайтда АҚШга кўплаб япон ва тибет роҳиблари ҳамда олимларининг кириб келиши натижасида мамлакат бўйлаб йирик Б. жамоалари ташкил топди. Б.нинг бир неча халқаро ташкилотлари ҳам мавжуд.

Б.да кундалик, даврий, махсус ва байрам маросимлари адо этилади. Монастир, бутхона ва хонадонларда эрталабки ва кечки ибодатлар уюштирилади. Одатда, 12—13 ёшли ўспирин 20 ёшгача, яъни балоғатга етгунга қадар монастирда роҳибликни ўтайди, лекин , тахминан уларнинг учдан бир қисми умрбод шу мақомда қолади. Оддий қевм ёки дунёвий кишиларнинг энг асосий кундалик вазифаси — роҳибларни овқат билан таъминлашдир. Бу билан улар хайрли хизмат қилган бўладилар.

ХХ асрда жаҳон бўйлаб дунёвий кишиларни ушбу динга жалб этиш одат тусига кирди. Ҳатто Ҳиндистоннинг ўзида ҳам Б. дунёвий шаклда қайта тикланмоқда. Японияда дунёвий кишилар "синсюко" ("янги динлар") деб аталган оқимларни (Россияда катта шовшувга сабаб бўлган "Аум синрикё" шулардан) ташкил этмоқдалар. Америкадаги "янги буддизм" жамоалари асосан дунёвий кишилардан таркиб топган.

Ўзбекистонда битта Б. жамоаси расмий равишда фаолият кўрсатади.

Манбалар