Буғлатиш (кимёда) — эритмаларни қайнатиб қуюлтириш. Буғлатишда эритувчининг бир қисми буғланиб чиқади. Эритувчининг қолган қисми ҳам буғлатилса, кристалланиш юз беради, бунда эриган қаттиқ моддалар ажралади. Эритмаларнинг қайнаш температураси доимо эритувчилар қайнаш температурасидан юқори бўлади; бу айирма температура депрессияси деб аталади, эриган модда консентрацияси ҳамда босим ортиши билан бу айирма ошиб боради. Эритмалар ҳар хил қурилмаларда буғлатилади. Расмда энг кўп тарқалган буғлатиш қурилмасининг чизмаси келтирилган. Буғлатиладиган эритма иситиш камерасининг тепасидан қуйилади. Камера сув буғи (бирламчи буғ) билан иситилади. Эртма устидаги буғ босими қурилманинг иш ҳажмидаги босимга тенг бўлгандагина эритувчи буғланади. Эритма камера найлари ичида қайнаб, иситиш камерасининг юқори қисмига кўтарилади, иккиламчи буғ (эритувчининг буғи)дан ажралгач, марказий сиркуляция найига тушади. Қуюлтирилган эритма қурилманинг пастки қисмидан, иккиламчи буғ эса қурилманинг юқориги қисмидан чиқади.

Буғлатиш эритмаларни қуюлтириш ва эритмаларда эриган моддаларни ажратиб олишдан ташқари, тоза эритувчилар олишда, совуқ ҳосил қилиш ва бошқаларда ҳам қўлланади. Буғлатишдан кимё, озиқ-овқат саноатида ва бошқаларда кенг фойдаланилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ "Буғлатиш" ЎзМЕ. Б-ҳарфи (Wайбаcк Мачине сайтида 2019-12-11 санасида архивланган) Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил