Букрилик, букирлик — умуртқа поғонасининг қийшайиб, дўппайиб чиқиб қолиши. Букирликка бир ёки бир нечта умуртқаларнинг лат ейиши, сил, рахит ва бошқа касалликлар туфайли шикастланиши (қаранг Спондилит), шунингдек гўдакни жуда эрта ўтиришга ўргатиш сабаб бўлади. Букирлик одатда кўкрак қафасининг қийшайиши билан кечади. Умуртқа поғонасининг сили оқибатида келиб чиққан букирликда беморни оғриқ, иситма безовта қилади, баъзан букри бўлган жойдан йиринг оқиб, бир неча йилгача битмайди. Букриликнинг олдини олиш учун шикастланган умуртқани ўз ўрнига тушириш, корсет тақиш, махсус жиҳозланган каравотлардан фойдаланиш тавсия этилади. Болаларни барвакт ўтқизмаслик, орқа мускулларини массаж қилиб туриш керак. Даво букриликка сабаб бўлган асосий касалликни даволашдан иборат.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил