Булбул (тахаллуси; асл номи Муртаза Мешади Ризо ўғли Мамедов) (1897-йил, 6-декабр, Шуша тумани Хонбоғи қишлоғи — 1961.26.9, Боку) — озарбайжон хонандаси (лирикдраматик тенор) ва мусиқашуносфолклоршунос, озарбайжон мусиқали театри асосчиларидан. Дастлаб халқ хонандаси сифатида танилган. 1920-йилдан Озарбайжон мусиқали театрларининг етакчи артисти. Боку консерваториясида (1927), Италия (Милан, "Ла скала", 1931)да та’лим олган. 1932-йилдан Боку консерваториясининг ўқитувчиси, 1940-йилдан профессор Озарбайжон илмий тадқиқот мусиқа кабинети ташкилотчиси ва раҳбари (1932—44). Фолклор экспедицияни бошқариб, 200 дан ортиқ халқ қўшиғини йиққан. Б. 40 йиллик ижрочилик фаолияти мобайнида асл озарбайжонча миллий куйлаш услубларини Европа хонандалик сан’ати билан узвий боғлашга муяссар бўлган. Мажнун (У. Ҳожибеков, "Лайли ва Мажнун"), Герсог (Ж. Верди, "Риголетто"), Ғариб (Р. Глиэр, "Шоҳсанам"), Алиёр (М. Мағомаев, "Наргиз") каби ёрқин образлар яратган. Энг машҳур роли Равшан (У. Ҳожибеков, "Кўр ўғли")ни 400-марта ижро этган. Ўзбекистонга бир неча марта келиб, ўз сан’атини намойиш қилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил