Булбуллар (Лусcиниа) — чумчуқсимонлар туркумининг қораялоқлар оиласига мансуб сайроқи қуш.Булбулларнинг 6 тури бор: шарқ булбули (Л. лусcиниа) ва ғарб булбули (Л. мегарҳйнчус) тарқалган. Улар фақат қанотининг тузилиши билан бир-биридан фарқ қилади. Булбулнинг ранги кўримсиз, усти қўнғир ва тўқ малларанг, қорни оқиш, нари билан модасининг ранги бир хил, бўйи 20 см гача бўлади. Шарқ булбули Шарқий Европа ва Осиёнинг бир қисмида тарқалган. Қишлаш учун Ғарбий Африкага учиб кетади. Ўзбекистонга баҳор (апр.—май)да учиб келиб, куз (авг.—сентабр)да учиб кетади. Ғарб булбули Ғарбий Европа, Кичик Осиё, Эрон ва Афғонистондан то Олтойга қадар тарқалган. Ўзбекистонда ҳам кўп учрайди, у сувга яқин бутазор, ўрмон, тўқай каби нам ерларда яшайди. ҳатто, катта шаҳарларда парк ва боғлардаги дарахтларга уя солиб, тухум қўяди. Ғарб булбули тропик Африка, Ҳиндистон ва Арабистонда қишлайди. Ўзбекистонга баҳорда (апр.нинг охирида) учиб келади. Нарилари учиб келиши билан то жўжалари тухумдан чиққунга қадар, айниқса жўжалари тухумдан чиқадиган вақтда кўп ва баланд овоз билан сайрайди. Жўжалари учирма бўлгандан кейин (июнда) сайрашдан тўхтайди. Булбуллар қафасда ҳам сайрайди. Шарқ булбули ғарб булбулига қараганда баланд ва ёқимли сайрайди. Булбуллар уясини дарахт ва буталарга солади. 4—6 дона тухум қўяди. Тухумини фақат модаси босади. Боласи тухумдан 13—14 кунда чиқади. Болаларни боқишда пари иштирок этади. Булбул ҳашаротлар ва уларнинг личинкалари билан озиқланиб, фойда келтиради.

Булбуллар
Биологик классификация
Олам: Ҳайвонлар

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил