Буқоқ (Зоб) – қалқонсимон безнинг катталашишидир. Бу касаллик кўпинча ёд етишмаслиги кузатиладиган мамлакатларда кенг тарқалган, бироқ, ёд препаратларидан ортиқча фойдаланиш фонида ёднинг ошиб кетиши натижасида ҳам ривожланиши мумкин. Аёлларда ушбу касаллик эркакларга қараганда 5 марта кўпроқ учрайди. Пайдо бўлган тугунлар қалқонсимон без тўқималарида шаклланадиган жуда кўп фиброз чандиқлардан иборат. Ушбу касалликнинг дунё бўйлаб энг кенг тарқалган шакли эндемик буқоқ ҳисобланади. Бунга ёд танқислиги сабаб бўлади. Ёдланган туз ишлатиладиган мамлакатларда одатда Хасимото буқоқи шаклланади, унинг муқобил номи аутоиммун тиреоидит[1].

Буқоқ
 
Классификацияси ва ташқи линклар
ДисеасесДБ 5332
МедлинеПлус 001178
МеСҲ Д006042

Бошқа сабабларни иккита шартли гуруҳга бўлиш мумкин:

1. Гипотиреоз

2. Гипертиреоз

Гипотиреознинг аломатлари – соч тўкилиши, терининг қуруқ ва оқимтир бўлиши, тирноқларнинг мўртлиги, қошларнинг ингичкалаши, иштаҳани бузилиши, вазн ортиши. Қалқонсимон без касалликларида нутқ секинлашади, хотира ёмонлашади, деярли доимий уйқучанлик мавжуд, ҳайз сикли бузилади. Бундай ҳолатда, ушбу барча белгилар мавжуд бўлиши кузатилмаслиги мумкин, 2-3 та белгилар мавжуд, бироқ улар янада аниқроқ сезилади.

Гипертиреоз – қалқонсимон без ишлаб чиқарадиган гормонларнинг кўпайиб кетишидир. Ушбу касалликда уйқусизлик, умумий заифлик, безовталик, юрак уришининг тезлашиши, ортиқча терлаш кузатилади. Ушбу касаллик билан хасталанган бемор иштаҳаси яхши бўлиши мумкин, аммо вазн йўқота бошлайди. Бундан ташқари юқори қон босими, кўзларнинг бўртиб чиқиши, қўлларда қалтираш (титроқ) ҳам кузатилади.

Клиникаси

Дастлабки босқичларда беморларда касалликнинг ҳатто энг кичик белгилари ҳам сезилмайди. Касалликнинг шаклланиб бориши сайин бўйин олд қисмининг бўртиб чиқиши сезила бошлайди. Катталашган эндокрин без атрофидаги трахеяни, асаб охирлари ва қон томирларни эза бошлайди. Диффузив буқоқ қалқонсимон безнинг бир хил катталашгани билан ташхисланади. Агар тугунли шакли ҳақида гапирадиган бўлсак, кўпинча бўйиннинг бир томонида катталашгани сезилади. Яъни у нафақат бир хилда, балки нотекис катталашиши ҳам мумкин. Эркакларда қонда ёд даражаси паст бўлганида жинсий қизиқишнинг пасайиши, жинсий функцияларнинг беқарорлиги кузатилади. Аёлларда эса бундай ўзгаришлар натижасида ҳайз сиклининг бузилиши шаклланади, бу эса ўз навбатида бепуштлик ва ҳомила тушишининг катализатори ҳисобланади

Диагностикаси

Буқоқни ташхислаш учун лаборатор қон ва сийдик таҳлиллари қўлланади. Касалликнинг ҳар қандай клиник белгиси бўлган одамнинг қони ТТГ, Т3, Т4 ва тиреоглобулин каби гормонлар нисбати учун текширилади. Ташхис, касалликнинг турига дуч келганларда одатда тиреоид гормонлар мувозанатининг бузилиши ва тиреоглобулиннинг кўпайиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, сийдик орқали ёднинг ажралиши қисқарган бўлади.

Даволаш

Касаллик аломатларини ўз вақтида аниқлаш муваффақиятли даволанишнинг калитидир, бу касаллик билан имкон қадар тезроқ курашишга ёрдам беради. Шундай қилиб, агар қалқонсимон безининг катталашиши сезилса, эндокринолог шифокор билан маслаҳатлашиш керак. Айнан эндокринологга мурожаат қилиш жуда муҳимдир, чунки бошқа мутахассислар аломатларни шунчаки чарчоққа йўйиши мумкин. Буқоқни даволашнинг асосий усули гормонларни ўрнини босиш ҳисобланади. Бунинг учун тирозиннинг турли хил фаол унумлари ишлатилади. Бундай препаратлар эндокрин бези томонидан ишлаб чиқариладиган гормонларнинг физиологик параметрлари билан тенглашади. Нафақат препаратнинг керакли миқдорини, балки салбий натижаларга олиб келмайдиганини ҳам танлаш жуда муҳимдир. Даволаш, дори моддаларини мунтазам истеъмол қилиш кўпинча ҳаётнинг охиригача давом этади. Гормонлар нисбатини назорат қилишни унутмаслик тавсия этилади. Қалқонсимон безда жарроҳлик аралашувини ўтказиш жуда қийин, чунки у жуда кўп қон томирларни ўз ичига олади. Бу жарроҳликни янада муаммоли қилади. Бироқ, айрим ҳолларда жарроҳлик ўтказмасдан бошқа илож бўлмайди, шунинг учун буқоқда жарроҳлик аралашуви энг кўп қўлланадиган даволаш усулларидан биридир. Жарроҳликда наркоз остида безнинг катта тугунлари ёки потенциал хавфли қисмлари олиб ташланади. Энг мураккаб ва эътибордан четда қолган ҳолларда қалқонсимон безнинг бир қисмини ёки уни бутунлай олиб ташлаш талаб қилинади.

Олдини олиш

Буқоқ касаллигини олдини олиш учта шаклда амалга оширилиши мумкин – улар оммавий, гуруҳ ва индивидуал бўлиши мумкин. Энг самарали чора биринчиси ҳисобланади, у ҳар бир шахс истеъмол қиладиган маҳсулотларга кичик миқдорда ёд қўшиш орқали амалга оширилади. Гап ёдланган туз ҳақида бормоқда. Ушбу усулнинг афзалликлари шундаки, бундай маҳсулот жуда арзон, бироқ таъсир самараси аниқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бундай профилактик чора натижасида ҳар йили буқоқ касаллигининг ривожланиши 20%га

камаймоқда. Профилактик оммавий ёдлаш учун бошқа маҳсулотлар, масалан, нон ёки сув ҳам ишлатилади. Буқоқ касаллигини олдини олишда гуруҳли чораларни қўллашда бу хасталикка чалиниш хавфи юқори бўлган шахслар орасида ёд препаратларини ишлатиш тушунилади. Бу биринчи навбатда болалар ва ўсмирларни ўз ичига олади. Физиологик жиҳатидан энг яқин шакл калий ёдид бўлиб, у турли дозировкаларда ишлаб чиқарилади ва муайян алгоритм бўйича ишлатилади. Бундай олдини олиш мақсадлари учун ёдга бой озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш ҳам мумкин. Буқоқ шаклланиши учун хавф гуруҳининг алоҳида тоифаси ҳар қандай ҳомиладорлик давридабўлган аёллардир. Уларда ушбу компонентга энг юқори талаб мавжуд бўлади – кунига 200 мкг. Шу муносабат билан ҳомиладор аёллар учун алоҳида профилактик чораларни амалга ошириш керак[2].

Манбалар

  1. ↑ Ф.Нишонов, Б.Абдуллажонов, Н.Бозоров, А.Отақўзиев. Хирургик касалликлар Андижон 2020. 
  2. ↑ Эргашев У.Й.. Хирургик касалликлар ТошТА 2020.