Бурчоқдошлар (дуккакдошлар, Фабаcеаэ, Легуминосаэ) — икки уруғ паллали ўсимликларнинг бир оиласи. Ер юзининг ҳамма минтақаларида кенг тарқалган. Баъзан бурчоқдошларни 3 кенжа оила — мимозадошлар (Мимосаcеаэ), сезалпиндошлар (Cаэсалпиниаcеаэ) ва капалакгулдошлар (Папилионасеае ёки Фабаcеаэ)га ажратилади. Бурчоқдошларнинг барглари кўпинча кетма-кет жойлашган, одатда, ён баргли ва мураккаб бурчоқдошларда бу ҳолат кузатилади. Гуллари асосан бошоқсимон, шингилсимон ёки каллаксимон тўпгулларда ўрнашган, одатда зигоморф, айримларида актиноморф. Меваси — дуккак.

Арапатиэлла псилопҳйлла

Бурчоқдошларнинг 12000 турни бирлаштирган 500 туркуми (Ўзбекистонда 528 турни ўз ичига олган 57 та туркуми) бор. Бурчоқдошлардан оқсилга бой бўлган мош, нўхат, ловия, соя, ер ёнғоқ озиқ-овқат учун, тўйимли ўтлоқ ўсимликларидан беда, себарга, эспарсет емхашак учун кўплаб экилади.

Бурчоқдошлар орасида техникада ишлатиладиган, қимматбаҳо маҳсулотлар олинадиган, балзамли ва қимматбаҳо ёғоч олинадиган дарахтлар бор. Ер ёнғоқ, Сано, қашқарбеда, ширинмия, шилдирбош, оққурай, афсонак кабилардан олинадиган алкалоидлар, глюкозидлар, смолалар, витаминлар ва органик кислоталар тиббиётда турли касалликларни даволашда ишлатилади.

Чўлларда учрайдиган қизболтир, оқмия, аччиқмия кабилар заҳарли ҳисобланади. бурчоқдошларнинг баъзи заҳарли турлари (деррис, лонхокарпус) инсектицид сифатида ишлатилади.

Кўп бурчоқдошлар (акация, гледичия, тухумак ва бурчоқдошлар) манзарали ўсимлик сифатида экилади. Бурчоқдошларга мансуб кўп ўсимликларнинг илдизида атмосфера азотини ўзлаштирадиган азотобактер яшайди. Шунинг учун бурчоқдошлар азот бирикмалари кам бўлган тупроқда ҳам яхши ўсади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил