Буроқ (араб, "ярқироқ", "барқ" сўзидан) — ислом ривоятларида жуда тез чопадиган ва учадиган махлуқнинг номи. Қуръони каримда зикр қилинишича (17:1), Муҳаммад саллоллоҳи алайҳи васаллам уни миниб Макка шаҳридан "тунги сайр"да меърожга чиққан. Ривоят қилишларича, Буроқ Муҳаммад саллоллоҳи алайҳи васалламни Каба олдига келиб кутиб турган, аввалига у саркашлик қилган, ҳазрат Жаброил мажбур этгандан сўнг бўйсунган. Буроқ бошқа пайғамбарлар, чунончи Иброҳим (ас) ва Довуд(ас)га ҳам хизмат қилган, дейдилар. Буроқ гоҳ от, гоҳо хачир шаклида, оқ рангли, бўйни чўзиқ, қулоқлари узун, оёқларида қаноти бўлган деб таърифланган. Муҳаммад саллоллоҳи алайҳи васаллам Буроқга миниб учиб кетаётганликларини ўрта аср шиа миниатюраларида ифодалашга ҳаракат қилинган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил