Buvayhiylar
Бувайҳийлар — Ғарбий Эрон ва Ироқда ҳукмронлик қилган сулола (932—1055). Асосчилари — акаука Аҳмад, Ҳасан ва Али. Уларнинг отаси Бувайҳ (сулола номи шунинг исмидан олинган) Эрон подшоҳи Баҳром Гўр наслидан бўлиб, Дайлам (Гилон вилоятининг тоғли қисми)даги жангари қавмлар сардори эди. Шу боисдан мазкур сулола вакиллари "дайламийлар" деб ҳам аталган. Бувайҳ 930 йил сомонийлардан ажраб чиқиб, зиёрийларта қўшилган. Зиёрийлар ҳукмдори Мардовиж (928—935) Бувайҳнинг ўғилларидан Алини Караж шаҳрига волий, Аҳмад ва Ҳасанни эса йирик ҳарбий қисмларга бошлиқ қилиб тайинлаган. Сўнг, Б. 932—945 йилларда Арражон, Нубинжон, Исфаҳон, Ҳамадон, Рай, Кирмон, Аҳвоз, Шероз шаҳарларини босиб олганлар. Шунда Бағдод халифаси АлМустакфий Биллоҳ (Абдуллоҳ) (944— 946) акаука Б.ни ўзлари истило қилган вилоятларга ноиб этиб тайинлашга мажбур бўлиб, Алига "Имодуддавла" ("Давлат таянчи"), Ҳасанга "Рукнуддавла" ("Давлат устуни") ва Аҳмадга "Муиззуддавла" ("Давлат қудрати") деган фахрий унвон берган. Кейин, Б. 945 йил Бағдодни ҳам босиб олиб, аббосийлар халифалигининг сиёсий мавжудлигига чек қўйганларда, амалда давлатни ўзлари бошқара бошлаганлар. Х асрнинг 2-ярмида Б. қад. Эрон ҳукмдорларининг "шаҳаншоҳ" деган унвонини қабул қилганлар. Б.нинг энг машҳур вакили — Адудуддавла (949—983) мамлакатдаги барча улусларни бирлаштиришга муваффақ бўлган. Унинг даврида суғориш тармоқлари кенгайтирилган, Шероз, Бағдод ва бошқа шаҳарларда катта қурилиш ишлари олиб борилган, иқто ерлари кўпайтирилган, илмфан ва санъат бирмунча тараққий этган. Адудуддавла вафотидан сўнг мамлакатда бошланган тахт учун кураш оқибатида Б. заифлашиб қолиб, мамлакат ерларининг шарқий қисми Маҳмуд Ғазнавий томонидан ишғол этилган (1029). Салжуқийларнинт 1055-йил қилган босқини эса Б. сулоласи ҳукмронлигини бутунлай тугатган.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |