Бухоро ахбори — (بخارا اخبارى) Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати газетаси. 1920-йил 9-сентябрдан 1923-йил июлгача ўзбек тилида Бухоро шаҳрида чоп этилган[1].

Бухоро ахбори
بخارا اخبارى

„Бухоро ахбори“ газетасининг 1921-йил 23-майда чоп этилган 37-сони
Формати Ҳафталик газета
Кимга тегишли БХСР Марказий Ижроия қўмитаси
Асос солинган 1920-йил 9-сентябр
Бош муҳаррир Маҳмуд Саид Аҳрорий
Тили ўзбекча, имло арабча
Нашрнинг тўхтатилиши 1923-йил июл

Тарихи

1920-йил 9-сентябрда, амирлик ағдарилганидан сўнг, БХСРнинг маркази Эски Бухоро (ҳозирги Бухоро) шаҳрида ўзбек адабий тилида, ислоҳ қилинган араб имлосида „Бухоро ахбори“ (بخارا اخبارى) номи билан газета чоп этилган. „Бухоро ахбори“ газетаси Бутун Бухоро инқилобий қўмитаси (ревком), 1921-йилдан БХСР Марказий Ижроия қўмитаси (МИҚ) органи сифатида нашр этилган. „Бухоро ахбори“ газетаси 1920-йил 9-сентябрда чоп этилган 1-сонидан бошлаб 2 йил давомида, яъни 1922-йил 21-сентябрга қадар ҳафтада бир марта 1000-1500 нусхада босмахонадан чиқарилиб турилган. Бухоро ахбори газетанинг дастлабки муҳаррири маърифатпарвар, матбаачилик соҳасида муайян тажриба орттирган Маҳмуд Саид Аҳрорий ҳисобланади[2]. 1923-йилнинг ёзида Германиядан мусулмонча ҳарф териш машинасининг Бухорога келтирилиши ноширчилик соҳасида бурилиш ясади. Юқоридаги омиллар „Бухоро ахбори“ газетасини бундан буён 4 саҳифада эмас, балки 8 саҳифада чоп этиш имконини берди. Газета нафақат ҳажман кенгайибгина қолмай, балки мазмунан бойиди, ўқувчига кўпроқ манзур бўлди, ундаги хабар ва мақолалар долзарблиги ошди. Айниқса, танқидий, реал ҳаётни тасвифловчи материалларнинг газета саҳифаларида чоп этилиши, республиканинг турли вилоятларида газетхонлар сони кўпайишига олиб келди. 1920-йил 9-сентябрдан 1923-йилнинг 16-октабргача 214 сони чоп этилган. Газета дастлаб 4 саҳифада 1000-1500 нусхада чоп этилган бўлса, 1922-йил кузидан бошлаб, у 7-8 саҳифада ҳафтада 2-3 марта, ойида 8-10 марта, 2000-2500 нусхада нашр этилди. „Бухоро ахбори“ газетаси оддий ҳолатда чоп этилишидан тортиб, фотолавҳалар ва замонавий техник воситалар билан чиқарилишига қадар бўлган босқични босиб ўтди. „Бухоро ахбори“ газетаси БХСРнинг ички ва ташқи сиёсати, ўз даврининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий жараёнлари ва муаммолари масалаларини ўнлаб рукнлар остида имкон қадар холисона ҳамда танқидий руҳ билан ёритишди[3].

Бухоро ахбори рўзномаси катта форматда 2 саҳифада, ўрта форматда 4 саҳифада, юпқа ва сифати юқори даражада бўмаган сарғиш рангли босмахона қоғозида нашр этилган. Бухоро ахбори газетасининг 1-сон 1-саҳифасида БХСР Халқ Нозирлар шўроси раиси Файзулла Хўжаевнинг „Кунтуғди“ номли мақола эълон қилинган. Мақолада 1920-йил сентябр ойида амирлик қулаши билан юз берган сиёсий ўзгаришлар ўз даври талабларидан келиб чиқиб баён қилинган. 1-сон 2-саҳифасида муҳарририят аъзолари вайрим мутасадди ҳукумат раҳбарларининг ички муаммоларга оид мақолалари ва БХСР ижтимоий ҳаётининг турли йўналишларига оид хабарлар босилган. Газетанинг 3-саҳифасида чегарадош мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаёти ҳамда Ғарбнинг турли давлатларида юз бераётган жараёнлар акс этган. Бу саҳифада чет эл газета ва журналларидан таржима қилинган мақолалар „Чет элларда“, „Биздан ташқарида“, „Шарқда“, „Туркистонда“, „Шўролар иттифоқида“ каби рукнлар остида чоп этилган. Бухоро ахбори газетасининг сўнгги 4-саҳифасида БХСР ҳукуматининг буйруқ, фармон ва қарорлари, ҳукумат муассасаларининг эълонларидан ташкил топган бўлиб, бу хабарлар „Ҳукумат тадбирлари“, „Расмий қисм“ рукнлари остида чиқарилган.

Газетага Саид Аҳрорий муҳаррирлик қилган даврда бир ойда 4-5 марта, яъни ҳафтасига бир нашр тўғри келган. Газетанинг айнан қайси куни чиқиши номаълум бўлган. Баъзи сонлари душанба, баъзилари чоршанба, айримлари эса жума куни нашр этилган. Саид Аҳрорий газета атрофига мухбир ва матбаачи мутахассислардан иборат таркибни тўплаган. Шу билан бирга, БХСРнинг чекка вилоятларидан хабар тўплаб рўзномага юбориб турадиган қишлоқ мухбирлар гуруҳини ҳам шакллантирган.


Манбалар

  1. ↑ Иноятов С, Ражабов Қ. Бухоро тарихи. Тошкент: Тафаккур, 2015 — 460-бет. 
  2. ↑ „Бугун “Бухоро ахбори” газетаси ёҳуд “Бухоронома" газетаси 100 ёшда“ (2020-йил 20-сентябр). Қаралди: 2023-йил 26-июл.
  3. ↑ Раҳмонов К. Бухоро Халқ Совет Республикаси тарихи матбуот саҳифаларида. Тошкент: „АБУ МАТБУОТ — КОНСАЛТ“, 2012 — 175-бет.