Buxoro teatri
Бухоро театри, Садриддин Айний номидаги давлат мусиқали драма ва комедия театри – тўнғич ўзбек профессионал театрларидан. 1921-йил Файзулла Хўжаев ташаббуси билан ҳаваскорлар гуруҳи асосида ташкил қилиниб, 1922-йил „Туҳматчилар жазоси“ (Ҳамза) спектакли билан очилган. Иккинчи спектакли „Туркистон табиби“ (Маннон Уйғур, 1923).
Ташкилотчиси ва бадиий раҳбари – Маннон Уйгур, Ҳикмат Латипов, Лутфулла Назруллаев, Н. Раҳмонов, Л. Латипов, Саъдихон Табибуллаев, Н. Ғаниев ва бошқа театрнинг илк ижодкорлари бўлиб, театр тараққиётига катта ҳисса қўшдилар. 1924-йилда театрнинг бир гуруҳ актёрлари Москвадаги ўзбек драма студиясига ўқишга юборидди. 1930-йилнинг охиригача кичик песа ва консерт дастурлари билан кифояланди. Драма студиясини тугатган актёрлар (Б. Хўжаев, С. Абдуллаев, А. Олимова, Б. Жамолов, М. Мусаев ва бошқалар) қайтгач (1930), театр том маънода профессионал театр мақомига эга бўлди. Улар саҳналаштирган „Исён“ (Д. Фурманов ва С. Поливанов), „Зўраки табиб“ (Ж. Молер), „Қон ва сув“ (Л. Сайфуллина) спектакллари театрнинг профессионаллик даражасини янада мустаҳкамлади. 1931-йил Я. Бобожонов бадиий раҳбар, Ш. Шораҳимов эса бош рассом этиб тайинландилар.
1930-йилларнинг ўрталари театр ижодий фаолиятида бурилиш даври бўлди. Реализм услубини чуқур эгаллаш, эришилган ижодий муваффақиятларни мустаҳкамлаш борасида жиддий иш олиб борилди. Шу ижодий жараён давомида ўзбек драматургаяси, рус ва чет эл мумтоз асарлари актёрларнинг ижро маҳоратини ошишида, театр жамоасининг ўз ижодий йўналишига эга бўлишида муҳим рол ўйнади. 1936-йилдан театр „мусиқали драма театри“га айлантирилди. Шу йиллари театр жамоаси А. Хўжаева, С. Ярашев, А. Охунов, Н. Неъматова, А. Атоев, З. Солиева каби ижодкорлар билан бойиди. Уруш йиллари ўзбек халқининг мардонавор кураши акс эттирилган асарлар саҳналаштирилган бўлса, тинч қурилиш даврида репертуар мавзу жиҳатдан бойиди. Асосий эътибор даврнинг долзарб муаммоларига қаратилди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ахлоқий ва маънавий гўзаллиги, тинчлик, инсонпарварлик ғояларига интилиш спектаклларда ўз ифодасини топди. „Лайли ва Мажнун“ (Хуршид; Т. Содиқов, Р. Глиэр мусикаси), „Равшан ва Зулхумор“ (Комил Яшин; Т. Содиқов мусиқаси), „Курбон Умаров“ (С. Абдулла, Чустий; Т. Жалилов мусиқаси), „Олтин кўл“ (Уйғун, М. Левиев мусиқаси); „Шоҳи сузана“, „Оғриқтишлар“ (А. Қаҳҳор), „Юрак сирлари“ (Бахром Раҳмонов), „Офтобхон“ (К. Яшин; Х. Тўхтасинов мусиқаси), „Бой ила хизматчи“ (Ҳамза), „Алишер Навоий“ (Уйғун, И. Султон), „Имон“ (И. Султон) ва бошқа спектакллар сахналаштирилди.
1958-йил театрга Садриддин Айний номи берилди. 60—70-йиллар театрнинг мустақил репертуар яратиш борасидаги ижодий изланишлари ўз самарасини берди.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |