Бухоронома – Бухоро вилояти ҳокимлигининг ижтимоий-сиёсий газетаси. Бухоро шаҳрида ўзбек тилида ҳафтада 2-марта чиқади. Дастлаб „Учқун“ номи билан Самарқандда нашр этилиб (1920-йил июн—сентабр), Бухорода яширин тарқатилган, БХСР ташкил этилгач (1920-йил сентабр), Бухоро шаҳрида „Бухоро ахбори“ номи билан нашр этила бошланган. Кейинчалик „Озод Бухоро“ (1923—30), „Бухоро пролетари“ (193038), „Бухоро ҳақиқати“ (1938— 99) номлари билан чиқди. 1999-йил декабрдан ҳозирги номда. Газетага турли даврларда Файзулла Хўжаев, Фитрат, Чўлпон, Сайд Ахрорий, Остонқул Абдуқаюм ўғли, Косим Сорокин, Фотиҳ Сулаймон, Абдусалом Ниёзий, Аббос Алиев, Аҳмаджон Ёқубов, Рустам Абдураҳмонов, Ашур Бозоров, Турғун Ёкубов, Отахон Тошхўжаев, Йўлдош Муқимов, Абдураҳим Нурмуҳамедов, Тошпўлат Ҳамид ва бошқа муҳаррирлик қилган. Газета саҳифаларида Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Садриддин Айний, Иброҳим Мўминов, Абдулҳамид Мажидов, Атоулла Хўжаев, Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Муинжон Аминов, Неъмат Аминов, Омон Мухторов каби таниқди давлат арбоблари ва зиёлилар долзарб мавзулардаги мақолалари билан қатнашишган. Газетанинг дастлабки сонларидан бошлаб миллий мустақиллик ғояси ундаги мақолаларнинг бош мавзуси бўлган. 1920-йилларда газетада БХСР ҳудудидан шўро қўшинларини олиб чиқиб кетиш, демократияни ривожлантириш, давлат идораларини руслаштиришга чек қўйиш, ёшларни тараққий этган хорижий мамлакатлардаги олий ўқув юртларида ўқитиш каби долзарб масалалар ёритилган. Шу боис газета таҳририяти жамоаси ва муаллифлари шўро тузумидан кўп жафо кўришган. Газетанинг собиқ муҳаррирлари ва етакчи муаллифларидан Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Сайд Аҳрорий, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмуд Бадайлий, Зиё Усмоний, Остонақул Абдуқаюм 30-йиллардаги қатағонда ҳибсга олиниб, қатл этилган. Аббос Алиев, Абдусалом Ниёзов, Абдулҳамид Мажидов, Аъло Камолов, Ашур Бозоров узоқ муддатга қамалган.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан кейинги даврда „Бухоронома“ шаклан ва мазмунан тубдан ўзгариб, Бухоро вилояти ҳаётини ҳар вақтдагидан яхшироқ ёритишга ҳаракат қилмоқда. Газета истиқлол мафкурасини шакллантириш, ёш авлодни иймон эътиқодли, Ватанга садоқатли қилиб тарбиялаш, бозор муносабатларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга ошириш. тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, Бухоро шаҳрини ободонлаштириш ва ундаги асори-атиқаларни асраб авайлаш мавзуларига доимий эътибор бермоқда.

Газета мустақиллик даврининг гигант корхонаси бўлган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қурилишида мухбирлар постини ташкил қилиб, 2 йил мобайнида қурилишнинг боришини мунтазам ёритиб турди. Бухоро шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи (1997-йил) олдидан туркум мақолалар берди. Таҳририятда иқисодиёт, ижтимоий масалалар, ҳуқуқ ҳамда хатлар ва оммавий ишлар бўлимлари ишлаб турибди. Турли йилларда таҳририятда меҳнат қилган Бақо Саидов, Ҳабиб Абдуллаев, Тошпўлат Ҳамид, Бахшулло Саидов, Ҳалил Қодиров, Аҳмаджон Ниёзмуродов Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими, Республикада хизмат кўрсатган журналист унвонларига сазовор бўлишган. 1996-йилдан газета компютер усулида нашр этилган. Таҳририят „Интернет“ орқали жаҳон ахборот тармоғига чиқмоқда. „Бухоро янгиликлари“, „Бухоро футболи“ иловалари бор. Газета адади 6000 (2001).[1]

Манбалар

  1. ↑ Наимов, Нусратилло. „Бухоронома“ ЎзМЕ. Б-ҳарфи[сайт ишламайди] Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил