Cарло Гоззи

Cарло Гоззи (1720.13.12, Венесия — 1806-йил, 4-апрел.) — италян драматурги. „Уч апелсин ишқида“ (1761) песаси билан театр эртакчилиги (фяба) жанрига асос солган. Гоззи ижтимоий қарашларига кўра консерватор бўлган, ҳаётдаги ҳамма тартибларнинг жойжойида қолишини истаган, янги ижтимоий тамойилларни ёқтирмаган, ҳатто франсуз маърифатпарварларининг ғояларини ҳам қабул қилмаган. Шу билан бирга киборлар табақасининг нуқсонларини ҳам танқид қилган. Гоззи асарлари халқ юморларига бой, халқ драмаларига хос машарабозлик хусусиятлари етакчилик қилади („Илон хотин“, 1762; „Зубайда“, 1763; „Чин маъшуқа“, 1771 ва бошқалар). „Бахтли гадолар“ (1764) эртак-песасидаги воқеалар Самарқандда бўлиб ўтади. Унда Гоззининг одил шоҳ ҳақидаги ғоялари акс этган. „Маликаи Турандот“ (1762) да Шарқ аёлларининг ижтимоий аҳволи тасвирланган. Асар рус тилидан Чўлпон (1926), Маннон Уйғур таржимасида (1928) саҳналаштирилган. „Бахтли гадолар“ Шукрулло таржимасида нашр этилган (1969).

Ҳаёти

Cарло Гоззи Венецияда дунёга келган ва Далмацийдаги уч йиллик ҳарбий хизматини ҳисобга олмаганда умрининг охиригача Венецияда яшаган. Cарло Гоззи қашшоқланиб қолган граф Яколо Антониё Гоззи ҳамда унинг турмуш ўртоғи Анжола Теполонинг фарзанди эди. Антониё Гоззининг ўн бир фарзанди бўлиб, Cарло Гоззи уларнинг олтинчиси эди. Гоззилар олдин савдо билан шуғулланиб туришган, метраполиядаги бир қанча уйлар ҳамда провинсиядаги катта ерларга эгалик қилишган. Бироқ Cарло Гоззининг туғулиш арафасида бундай улуғворликдан ва бойликдан асар ҳам қолмаган. Оиланинг мустаҳкам бўлмаганлиги, оилада фарзандлар сонинг кўплиги Cарлонинг болалик чоғида қашшоқлик ва таназзул арафасида эди.

Оилада асосий ролни Cарлонинг акаси — поэт ва журналист, шоира Луиза Бергаллининг турмуш ўртоғи — Гаспаро Гоззи ўйнар эди. Cарло Гоззининг акалари Гаспаро ҳамда Франческо давлат мактабларида таълим олишган эди, Cарло эса баъзида руҳонийлардан сабоқ олиб турар эди. Cарло Гоззи кейичалик акаси Гаспарога тақлид қила бошлайди ва унинг даражасига етишишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди, негаки ўша вақти Гаспаро Гоззи олим даражасига етишган эди. Оиланинг бошқа аъзолари ҳам шеърлар ёзар, комедиялар яратишар эди. Бўлажак шоир болалигида ўзидаги ёзувчилик иқтидорини сеза бошлайди. Далмацияга жўнаб кетишигача бир қанча кичик шеърлар ижод қилиб турган.

1740-йилда у ҳарбий хизмат ўташга жазм қилади ҳамда Далмация уч йил мобайнида яшайди. Армияда хизмат қилиш даврида унинг дунёқараши ўзгара бошлайди. Хизматни якунлагач у она шаҳри Венецияга қайтиб келади. Қайтгач у ўзини бутунлай оилавий мулкларини сақлаб қолиш учун бағишлашга мажбур бўлади. Бир неча йил ичида у кўплаб қаттиққўл кредиторлар, далоллар ва молиячилар, адвокатлар ва судялар, банкирлар ва солиқчилар билан музокаралар ўтказади, уйнинг битмаган ерларини таъмирлади ҳамда гаровдаги жойларини қарзини узди. Охир-оқибат, у ўзига ва оиласига тинч яшаш имконини тақдим этди ҳамда молиявий аҳволни нисбатан барқарорлаштиришга эришди. Ушбу қийин ва мураккаб турмуш шароитларида Cарло Гоззи „келгусида қашшоқлашиб қолиши мумкин бўлган кичик Гоззиларни дунёга келтириш“ни истамай бўйдоқ ўтишга қарор қилди. Эркин бўлишга интилиш, унинг тушунтириши бўйича, кейинчалик унга давлат хизматига ўтиш бўйича таклифларни ҳам рад этишга сабаб бўлди. Бекор вақтни у ўзининг энг севимли юмуши бўлган бадиий адабиётга бағишлади. У италян тили ва адабиётини юксалтираётгани ва ўзининг ҳузури учун ёзаётгани ҳамда машҳур драматург Голдони ёки унинг акаси, замонавий журналист Гаспаро сингари даромад мақсадида ёзмаётганлиги билан фахрланарди. Cарло Гоззи унинг адабий ҳомийлиги остидаги Сакки труппаси учун ёзиб бераётган шеърлари учун ҳам, саҳна асарлари учун ҳам на пул оларди, на гонорар. Cарло Гоззининг тан олишича, унинг мўйқаламидан тинимсиз „шеър ва наср оқими“ оқарди.

Cарло Гоззи ХВИИИ асрда урфда бўлган лирик шеърлар, „тасодифий“ сонетлар, қаҳрамонона ва комик асарлар, шеърлар ва прозаик сатиралар, эртакнамо ва турмуш комедиялари, трактатлар, памфлетлар, адабий назария ва танқидий мулоҳазалар, муҳокамалар, насрий бағишловлар ёзиб турган. Унинг баъзи мемуарлари алоҳида нашр қилинган, кўплаб шеърлари ўша даврнинг „Раccолти“ деб аталган тўпламларига аралашиб кетган, баъзи бир сатирик ва мунозарали мақолалари адибнинг ҳаёт вақтида нашр қилинмай қолган ва ҳозиргача қўлёзма ҳолатида турибди. Cарло Гоззи ижодининг катта қисми унинг ўлимидан сўнг қайт нашр этилмади ва ҳозир унитилиб юборилган.

Cарло Гоззининг бадиий диди консерватив руҳда эди ва кириб келган янги даврнинг бадиий-эстетик қоидаларидан кескин фарқ қилиб турарди. Cарло Гоззи эски италян шеъриятини севарди, халқ эртаклари ва ниқобли комедияларни жон дилидан яхши кўрарди. Бунда Cарло Гоззи ва Гаспаро Гоззи 1747-йилда асос солинган Гранеллески Академияси аъзолари орасида ўз ҳамфикрларини топишди. Ушбу академия ўз олдига шеъриятда миллий анъаналарни сақлаб қолиш, италян тилини асл кўринишига қайтариш, венеция бадиий ҳаётига таъсир ўтказаётган хорижий янгиликлар билан курашдек катта мақсадларни қўйган эди. Академия фаолияти кўпроқ кулгили, масхарабозона тусга эга эди („Гранеллески“ номи „грано“ сўзидан олинган бўлиб, ҳам „дон“, ҳам „сафсата“ деган маънони беради). „Гранеллески Академияси маҳсули“ номи билан чиқарилган ўзига хос варақалар комик қочирмалар, киноялар, чуқур маъноли сатиралар ва эпиграммалар билан тўла эди. Ушбу „варақа“ларнинг энг фаол ижодкори ҳисобланган Cарло Гоззи ўзининг сатирик нишони қилиб ўша вақтда Венецияда жуда машҳур бўлган икки драматург ― Cарло Голдони ва аббат Кярини тайин қилган.

„Миллатни яратиш учун, аввало театрни яратиш керак“,― деган эди Гёте. Бу ХВИИИ аср учун характерли мулоҳаза эди. Италияда италян санъатининг ҳеч бир йўналиши театрчалик машҳур эмас эди. Cарло Гоззи, Cарло Голдони, Витторио Алфери ― унинг чўққиси эди. Бироқ ҳали ҳам „италян миллати“ йўқ эди, фақатгина Австрия канслери Меттерних таъбири билан айтганда „географик тушунча“ бор эди. Ўша давр Италян давлатчаларига хос хусусият бу уларнинг ўзаро эмас, балки бошқа давлатлар билан кўпроқ савдо-иқтисодий, маданий алоқа қилаётгани эди. Франсуз маърифатпарварлари ишларидаги эски тузумнинг кескин танқид қилиниши италян олди зиёлилари томонидан яхши кутиб олинди. Волтер Руссо, Дидро, Монтеске Италияда Франсиядагига қараганда кўпроқ машҳур бўлишади. „Ил Cаффе“, „Фруста лоттерариа“, „Л’Оссерваторе“ каби қатор янги журналлар чоп этилади. Танқидий очерклар пайдо бўлди, ҳаттоки, кимсан Дантени бадиий дидсизликда айблашди. Кейинчалик кўплаб италиялик драматургларнинг ижод маҳсуллари бу фикрларнинг чиппакка чиқаришда ўзига хос қурол эди. Мерсенинг драмалари италян саҳналарида ғолибона ҳаракат қилди. Кейичалик венециялик Петро Кяри ҳам ўз асарлари билан театр мавқесини янада юксалтирди. Cарло Гоззи даври эса унинг Голдони, Кяри билан ўзаро рақобати билан эътиборлидир. Cарло Гоззи уларни дидсизликда, ёлғон пафос ва баландпарвозликда, вулгар натурализмда, миллий қадриятларни ва анъаналарни инкор қилганликда ҳамда хорижий машҳур янгиликларни ўйламасдан кўчиришда айблаган. Ҳозир бу икки ижодкорнинг асарлари италян драматургиясининг сайланма тўпламларида тинчгина муроса қилишаётган бир пайтда бу ҳолат бирмунча ғалати кўринади, бироқ бир нарсани ёддан чиқармаслик даркорки, Голдони ҳамкасбидан фарқли равишда асарлари билан кун кечирган ва узлуксиз меҳнат қилган. Чунончи, 1750-йилнинг ўзидаёқ у оммага 16 та комедияни намойиш қилган. У яна кўплаб таъсирли трагедиялар ҳам яратиб турган.

Адабий баҳс улар ўртасида бир неча йил давом этади (1756-1761) ва бу Cарло Гоззини улар билан уларнинг майдонида жанг қилишга мажбур қилди. Бунинг қандай содир бўлгани ҳақида Павел Муратов „Италия образлари“ китобида шундай дейди: "Бир куни Торре дел Оролоджио ортидаги қоронғу кунжакда жойлашган Беттинелли китоб дўконида бир нечта ёзувчилар учрашиб қолишди. Уларнинг сафида Голдонининг ўзи ҳам бор эди. Ўзининг муваффақиятидан маст бўлганидан у узоқ вақт италян театрида у томондан амалга оширилган тўнтаришнинг аҳамияти ҳақида ҳикоя қиларди, эски ниқоблар комедиясини кулги ва ҳақоратли сўзлар билан кўмиб ташлади. Ўшанда у ердагилардан бири ― узун ва озғин киши ― турди ва хитоб қилди: "Онт ичаман, эски комедиямизнинг ниқоблари ёрдамида мен „Уч апелсин ишқида“га сизнинг ҳар хил „Памела“ ва „Иркани“нгизга қараганда кўпроқ томошабин йиғаман. Шунда ҳамма граф Гоззининг бу ҳазилига ҳандон отиб кулишди: „Уч апелсин ишқида“ ўшанда энагалар кичкина болаларга айтиб беришадиган халқ эртаги эди. Аммо Cарло Гоззи ҳазиллашмаган эди ва бунга Венеция тез орада амин бўлди."

Cарло Гоззи мемуарларида бу воқеанинг тасдиғини тополмаймиз, аммо факт факт бўлиб қолаверади. 1761-йилнинг 25-январида қишки карнавал вақтида машҳур қизиқчи Антониё Сакки бошчилигидаги комедия труппаси актёрлари Сан-Самуэл театр саҳнасида венециялик омма эътиборига Cарло Гоззининг биринчи песасини намойиш этдилар. Бу эртакнамо спектаклнинг ҳазиллари, ниқоблари, сеҳрлилиги, қочиримлари, ажабтовур эффектлари томошабинларни ҳайратга солди. Cарло Гоззининг эртак ва ниқоблар комедиясини ягона жанр сифатида бирлаштириш ғояси тўлиқ амалга ошди. 1772-йили Гоззи сайланма асарларини нашр эттириб, унга ёзилган бағишловда дел арте комедияси ҳақида қуйидагиларни ёзди: „Италияда театрлар ёпилиб қолмас экан, бадиҳа комедияси ҳеч қачон йўқолмайди ва унинг ниқоблари ҳам йўқ бўлмайди. Мен бадиҳа комедиясини Италиянинг шон-шуҳрати деб биламан ва уни ёзма, уйдирма песалардан тубдан фарқланувчи кўнгил хуши деб ҳисоблайман“. Чиндан ҳам дел арте комедияси анъаналари яшовчан бўлиб чиқди. Қизиғи шундаки, Гоззи дел арте комедиясини ислоҳ қилган Голдони билан мунозарага кириб, бу театр шаклини сақлаб қолиш у ёқда турсин, унинг ўзи ҳам Голдони каби адабий драмага асосланган янги театр жанрини яратди.

Асосида трагедия ва комедия унсурлари ажабтовур равишда аралашиб кетган эртакнамо асар фиаба (фиабе театрали) номини олди. Cарло Гоззи ўзининг бу песасида Голдони ва Кярини жодугар Челио ва фаришта Моргана кўринишида тасвирлади. Кутилмаган муваффақиятдан илҳомланиб кетган Антонио Сакки Cарло Гоззига шартнома тузишни таклиф этади ва труппа репертуарларини тўлдиришни ўз зиммасига олади. Ўзининг одатларига амал қилган Cарло Гоззи пул олишни рад этади, шу тақлид труппа актёрларининг ҳомийсига айланади, негаки энди у тўхтай олмасди. Беш йил ичида у тўққизта театр эртакларини яратади ― „Қузғун“, „Қирол кийик“, „Турандот“, „Илон аёл“, „Зобеида“, „Бахтиёр гадолар“, „Зангори махлуқ“, „Яшил қушча“, „Дзеим — жинлар қироли“. Ушбу асарлар ҳам катта обрўга эришиб Гоззи номини оламга таратди. Бу тўлиқ ғалаба эди. Кяри театр санъатини ташлаб олдинига Брешияга, сўнг эса тўлиқ Америкага кўчиб кетди. Мағлуб Голдони ҳам Венецияни ташлаб Парижга ўтиб кетди. Жанг майдонида Cарло Гоззининг ўзи қолди.

Cарло Гоззининг кейинг асарлари мазмунига кўра машҳур асарларидан анча фарқ қилади, негаки энди песаларда бадиҳа учун кам жой ажратилган эди. Бадиий пародия қисман йўқолиб кетади. Cарло Гоззининг энг машҳур ва энг яхши фиабаси 1762-йил 22-январ куни намойиш этилган „Турандот“ ҳисобланади. Айнан шу асар тақдимотидан сўнг Cарло Гоззи рақиблари Венецияни тарк этади, Сакки труппаси эса Сан-Самуэл театридан шинам ва сиғимли Сант-Анжело театрига кўчиб ўтишади.

Cарло Гоззининг сўнгги саҳна асари бўлмиш „Дзеим ― руҳлар қироли“ 1765-йилда намойиш этилган. Бироқ бу асар муваффақияцизликка учраган, бунинг сабабларидан бири ўша вақтларда фиабаларни саҳналаштириш, кийимлар, саҳна эффектлари учун катта маблағ талаб этиларди ва бу молиявий аҳволи ҳавас қиларлик даражада бўлмаган Венеция театрлари учун имконсиз эди. Яна бир ҳолат муҳимки, Италияда донг таратган Голдони комедиялари ва Гоззи фиабалари Венеция ҳудудидан ташқарида намойиш этилмаган. Cарло Гоззи фиабалар ёзишни тўхтатади ва насрдаги ишқий трагикомедия жанрига ўтиб кетади. Гоззи песаларидан ташқари „Фойдасиз хотиралар“ мемуари билан ҳам машҳурдир. Асар 1780-йилда тугалланиб, фақатгина 17 йилдан сўнг нашр этилади. 1771-йил Cарло Гоззи актриса Теадора Риччи билан учрашишни бошлайди, аммо Венеция сенати котиби Гратол сабаб 1776-йил муносабатларга дарз кетади. Гоззи уни „Ле дрогҳе д’аморе“ (Севги дамламаси) комедиясида қийшанғи олифта кўринишида намойиш этиб ундан қасос олади. Гратол шармандаликка чидай олмасдан Стокголмга кетади. „Фойдасиз хотиралар“ мемуарида Гоззи ҳаёти ёзилган бўлсада, ундаги асосий воқеалар Риччи ҳамда Гартолд билан муносабатларга бағишланган.

Унутилган Cарло Гоззи 86 ёшида, ўз юртида, бу вақтда ўзи ҳеч қачон бўлмаган Германияда, Италияда унутилган деб ҳисобланган театр эртак саҳналарига қизиқиш яна пайдо бўлгани ва бу қизиқиш кучаётганини билмасдан вафот этди.[манба керак]

Турандот асари ҳақида

Асар нўғай татарлари шаҳзодаси Калафнинг Чин деворлари остонасида пайдо бўлиши ва собиқ оталиғи Барахни учратиши билан бошланади. Калаф унга Хоразмшоҳ қўшинлари билан жангдаги мағлубиятларидан сўнг ота-онаси билан дарбадарликда юрганликларини, кейинчалик Хуросонга боришганини ва у ерда у ота-онасини боқиш мақсадида шоҳ саройига қора ишчи сифатида ишга кирганлигини, сўнг дилидаги оғриқ ва қасос ўти билан олдинги мартабасини тиклаш ҳамда Хоразмшоҳдан интиқом олиш учун Чин юртига келганини сўзлаб беради. Бирдан атрофда шовқин бошланади. Барах бу малика Турандот ишқида адои тамом бўлган яна бир шахзоданинг қатл маросимидан дараклигини айтиб беради ва Калафга шаҳар деворидаги узилган бошларни кўрсатади. Кейин ўша қатл қилинган Самарқанд шаҳзодасининг оталиғи келиб қолади ва маликани аҳмоқликда, вахшийликда айблаб, унинг суратини ерга ташлаб кетади. Калаф Барахнинг қаршиликларига қарамасдан суратга қарайди ва ўзини йўқотиб қўяди, шундан сўнг у Турандот шартларини бажариб унга уйланишга қатъий туриб олади. Чин императори яна бир бечоранинг қизига ишқи тушганини эшитади ва уни саройга таклиф қилади. Калаф билан суҳбатдан сўнг император Алтоум уни ёқтириб қолади ва уни фикридан қайтишга ундайди, уддалай олмагач қизини чақиртиради. Турандот икки канизаги билан кириб келгач Калафга кўзи тушади ва уни ёқтириб қолади, бироқ ўз сўзида турган ҳолда унга учта топишмоқ айтади. Калаф барча топишмоқларга тўғри жавоб бергач Турандот айниб қолади ва отасига янги топишмоқлар ўйлаб топиш учун кам фурсат бўлганлиги айтади ҳамда Калафга эрга тегишдан бош тортади. Шунда Калаф унга бир савол беради, агар саволнинг жавобини топса, у ўз юртига жўнаб кетади, агар тополмаса, Турандот унга эрга тегишга мажбур бўлади. Турандот шартга рози бўлади, бу орада канизак Аделма имкониятдан фойдаланиш учун умид пайдо бўлганидан хурсанд бўлади. Калаф Барахга воқеани айтиб беради ва уни сотмаслигни утиниб сўрайди, кейин Калафни саройга қамаб қўйишади. Ҳаммасидан хабардор Аделма ишга тушади ва Барах Калафнинг дўсти эканлиги билан бир қаторда Турандотнинг иккинчи канизаги Зелиманинг отаси эканлиги айтиб беради. Барах, унинг хотини ва шу тобда ўғлини қидириб Чинга келган отаси Тимур ҳам Турандот буйруғи билан қамоққа олинади. Аделма маккорликка ўтади ва биринчи бор Калаф ёнига Барахнинг хотинини, сўнг унинг қизи Зелимани жавобни билиш учун юборади. Калаф бундай алдовга тутулмайди. Энди Аделманинг ўзи Калафнинг олдига боради ва унга бўлган муҳаббатига иқрор бўлади, унга қочишни таклиф қилади, лекин Калаф кўнмагач, Турандот эрталаб саҳарда уни ўлдириш тўғрисида буйруқ берганлигини айтиб Калафни алдайди. Шунда Калаф ўзи ҳақидаги маълумотларни айтиб қўйганлигини билмай қолади. Эрталаб Калафни саройга элтишгач у кечаги воқеалар маккорлик бўлганлигини пайқаб қолади ва пушаймон бўлади. Саройга Турандот мотам кийимида кириб келади ва саволга жавоб тополмаганини эълон қилади. Калаф ич-ичидан хурсанд бўлган бир вақтда Турандот уни ўз исми билан чақиради ва ғалаба қозонганини айтади. Шундан сўнг Калаф ўзини ўлдирмоқчи бўлади, лекин Турандот уни тўхтатиб, уни севиб қолганлигини айтади. Аделма эса Турандотга йиллар давомида сақлаб келган барча нафратларини тўкиб сочади. Император Алтоум унга собиқ мулкларини қайтариб беради ва уни ўша ерларнинг маликаси этиб эълон қилади, Калафга эса Хоразмшоҳ ўлгани ва унинг юртидагилар собиқ шаҳзодасини кутаётганликларини айтади. Юртда катта тўй бошланади. Шу тариқа эртак ўз ниҳоясига етади.[манба керак]

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил