Charxiy
Чархий (тахаллуси; Чархий, асл исм-шарифи; Ҳамроалиев Асқарали) (1900-йил 23-феврал Қўқон — 1979-йил 14-декабр) — Ўзбекистон халқ шоири ва хаттот (1975).
| Ҳамроалиэв Асқарали | |
|---|---|
| Асл исми |
Ҳамроалиэв Асқарали |
| Таваллуди |
23-феврал 1900-йил |
| Вафоти |
14-декабр 1979-йил (79 ёшда) Қўқон |
| Тахаллуси | Чархий |
| Касби | шоир |
| Мукофотлари |
|
Таржимаи ҳоли
Чархий тахаллуси билан ижод қилувчи Асқарали Ҳамроали ўғли Қўқоннинг шарқий-жанубий томонида Гулханий ва Маҳзуна туғилиб улғайган Сарботур маҳалласида 1900-йил 23-февралда тўқувчилар оиласида дунёга келган[1]. Жадид мактабида Ғалчасой маҳалласида ўқишни ва ёзишни ўрганган. 1916—1920-йиллари Девонбеги мадрасасида араб ва форс тилларини ҳамда диний илмларни ўрганган. Қўқондаги мадрасаларнинг бирида таълим олаётиб, мумтоз шеърият намояндалари ижоди билан яқиндан танишган ва хаттотлик санъатини ўрганган. Отасидан тўқувчилик касбини ўзлаштириб, шу касб орқали кун кечирган[2]. Чархий Ҳофиз, Саъдий, Навоий, Бедил сингари Шарқ мумтоз шоирлари ва Муқимий, Фурқат, Завқий сингари замондошлари ижодидан сабоқ олиш билан бирга Сулаймонқул Рожий ва Мирза Ҳўқандийдан аруз илмини ўрганиб, 1916-йилдан эътиборан ғазаллар ёза бошлаган.
Ҳамроалиев Асқарали Қўқондаги „Қувват“ артелида гулабардор (тўқувчилик корхоналарида гула тайёрлаш ёки тандага гула кўтариш иши, касби, 192638), Навоийнинг 500 йиллигига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича тузилган қўмитада хаттот (1939), Муқимий уймузейида илмий ходим (1941), Қўқон шаҳар театрида адабий эмакдош (1942—1947), Ғафур Ғулом номидаги вилоят Адабиёт музейида (1950—1979) илмий ходим бўлиб ишлаган.
Чархий музейда ишлаган даврларида Муқимий ва Фурқатнинг эълон қилинмаган бир нечта асарларини ва хатларини топиб, „Ўзбекистон маданияти“ газетасида чоп этиб борган. Ўз шеърлари билан ҳам тез-тез матбуотда чиқиб турган. Қўқонда асарлари тарқамаган бир қанча шоирлар шеърларини газеталарда эълон қилган. Қўқонда янги музей ташкил этилиши билан Тошкетдан келган бир нечта адабий материаллар, расмлар, миниатюра ва тасвирий санъат рамкаларига Алишер Навоий қаламига мансуб достонлардан намуна хатлар ишлаган[2].
Ҳамроалиев Асқарали Муқимийнинг 18 та мактубининг ҳар биридан бир нусхадан кўчириб, музей кўргазмаларига қўйган. Бошқа ёувчи шоирларнинг ғазалларидан 300 мисрагача шеърлар нусхалаб, адабиёт музейига тақдим қилган. Ҳамза Ҳакимзоданинг „Пушти гул“ номли асаридан бир нусха ҳуснихат кўчирган. Шунингдек, Рожийнинг „Зарб ул-масал“ китобини ҳам нусхалаган. Санаб ўтилган барча асарлар Қўқон адабиёти музейида сақланиб келинмоқда[2].
Асқарали Ҳамроали ўғлининг бир қанча ҳажвий шеълари чоп этилган.
Ҳамроалиев Асқаралининг асарлари илк бор 1938—1939-йилларда „Янги Фарғона“ газетасида ва кейинчалик „Муштум“ журналида эълон қилинган. Чархий ўзбек мумтоз адабиёти анъаналарини давом эттириб ҳам лирик, ҳам ҳажвий шеърият жанрларида ижод қилган. Чархий ижодининг асосий жанрлари ғазал, мухаммас ва маснавийдир. Чархийнинг „Ширин ва аччиқ“ (1959) илк шеърий гулдастасидан кейин „Шеърлар“ (1966), „Алихўжа Хўжаали“ (1970), „Девон“ (1972) ва „Бешигингда ётмайман“ (1975) тўпламлари нашр этилган. Шоирнинг кўплаб ғазалларига куй басталаниб, халқ ҳофизлари томонидан ижро этиб келинади.
Чархий 1979 -йил 14-декабрда Қўқонда вафот этган.
Мукофоти
1975 -йилда Чархийга „Ўзбекистон халқ шоири“ фахрий унвон берилган[3].
Хотираси
Қўқон кўчаларидан бири Чархий номи билан аталган.
Манбалар
- ↑ „Асқарали "Чархий" Ҳамроалиэв“. Тошкент Совет Узбекистони (15-декабр, 1979-йил).
- ↑ 2,0 2,1 2,2 Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ. Марказий Осиёда ислом маданияти. Шарқ нашриёти матбаа аксиядорлик компанияси, 2005 — 307-384-бет.
- ↑ Собир Мирвалиев. О’збек адиблари. “Фан” нашриёти, 1993 — 157-бет.