Chatqol vodiysi
Чатқол водийси - Ғарбий Тяншан тоғларидаги водий, Чатқол дарёси юқори оқимида. Қирғизистон Республикасининг Ўш вилояти ҳудудида. Шимоли-ғарбдан Писком ва Сандалаш, шимолидан Талас Олатови, жануби-шарқдан Чатқол тизмаси билан ўралган. Шимоли-шарқсан жануби-ғарбга 90 км дан зиёд масофага чўзилган. Ўртача эни 2–5 км. Водий тубининг баландлиги жануби-ғарбдан (1400 м) шимоли-шарққа (2200 м) ортиб боради. Водий Чапчама довони (2841 м) орқали Қозоғистоннинг Жамбул вилояти билан боғланган.
Чатқол водийсининг ўрта қисмидан оқиб ўтадиган Чатқол дарёси ва унинг ўнг ва чап ирмоқлари (Қорақасмоқ, Толдибулоқ, Сандалаш, Жартису, Қорақорум ва бошқалар) кенг қайир, бир қанча эрозион ва эрозионаккумулятив террасалар ҳосил қилган. Террасалардан юқорвдаги тизмалар ён бағрида ва сувайирғич қисмларида текисланган юзалар учрайди.
Чатқол водийси тектоник жиҳатдан герсин бурмаланиши даврида шаклланган синклинал ботиқсир. Водийни ўраб олган тизмалар палеозойгача ва палеозой даври чўкинди, метаморфик ва вулканик тоғ жинслари (сланец, қумтош, оҳактош, конгломерат, кварсит ва бошқалар)дан ташкил топган. Водийда палеоген ва тўртламчи давр чўкинди тоғ жинслари (қумтош, алевролит, гил, конгломерат, мергел, қум аралаш шағал тошлар, лёсслар) тарқалган.
Иқлими кескин континентал. Ўртача температура январда —17,8°, июлда 17,3°. Энг паст температура (—47°) декабрда кузатилади. Ўртача йиллик температура 2° атрофида. Йиллик ёғин 600–700 мм. Асосан, март — апрел ойларида ёғади.
Чатқол водийси ҳудудида, асосан, бўз, қўнғир, жигарранг тупроқлар, дарё ва сойлар оқизиб келтирган тош, қум ва қумлоқлар учрайди. Эфемер ва эфемероидлардан лола, лолақизғалдоқ, ранг, қўнғирбош, буғдойиқ, какра, бўтакўз ва бошқа, водийнинг баландроқ кисмлари ва дарё бўйларида бўлиқ ўтлар, буталар, дарахтлар (тиканли бодом, дўлана, зирк, арча, ёнғоқ, заранг, қайин, қайрағоч, тол, терак, олча ва бошқалар) ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, айиқ, тулки, бўрсиқ, олмахон, кийик, қор қоплони, силовсин, каламуш, илонлар; қушлардан каклик, каптар, чумчуқ, қирғий, лочин, сўфитўрғай ва бошқа бор. Водий ҳудудида Бешорол қўриқхонаси ташкил қилинган. Водийда деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланилади ва ундан яйлов сифатида фойдаланилади.
Мурод Маматқулов.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Географияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |