Чекка нуқта — ишлаб турган поршенли машина силиндрида поршеннинг ўз ҳаракат йўналишини ўзгартирадиган энг чекка ҳолати. Поршеннинг тирсакли вал (кривошип) дан энг узоқлашган ҳолати юқори чекка нуқта, унга энг яқинлашган ҳолати пастки чекка нуқта деб аталади. Поршен Чекка нуқтада турганида унинг тезлиги нолга тенг бўлади. Поршен юқори чекка нуқта билан пастки чекка нуқта орасида ўтадиган масофа поршен йўли деб аталади. Поршен юқори чекка нуқта билан пастки чекка нуқтага силжиганда силиндрда ҳосил бўладиган бўшлиққа силиндрнинг иш ҳажми дейилади. Поршен юқори чекка нуқтада турганида унинг устида энг кичик бўшлиқ қолади. Ана шу бўшлиқ ёнилғи ёниш камерасининг ҳажми деб аталади (қаранг Ички ёнув двигатели).