Chilangarlik
Чилангарлик — майда буюмлар (устара, қайчи, бигиз, арра, искана каби иш асбоблари)ни ясаш касби, замонавий ишлаб чиқариш шароитида турли механик амалларни бажариш. Чилангарлик буюмлари аввал хонаки ҳунармандчилик усулларида ишлаб чиқарилган. Чилангарлар, асосан, ўчоқ, дам, бозғон, болға, омбур ваб. асбоблардан фойдаланган. Улар сартарошлик, этикдўзлик, кавушмаҳсидўзлик, тикувчилик ва дурадгорлик касбларига керакли, шунингдек, бинокорлик учун иш қуроллари ясашган. Ҳозир чилангарлик маҳсулотлари асосан корхоналарнинг махсус сехларида кўплаб ишлаб чиқарилади. Корхоналардаги чилангарлик (слесарлик) режалаш, кесиш ёки қирқиш, текислаш ёки тўғрилаш, эгиш, пармалаш, ўйиш, эговлаш, парчинлаш, кавшарлаш, қалайлаш ва бошқа амалларни ўз ичига олади. Бирор маҳсулотни тайёрлашда бу амалларнинг баъзилари бирин кетин муайян тартибда бажарилади. Бу тартиб технологик жараён деб аталади. Технологик жараёндаги амаллар махсус асбоб ускуналар, дастгоҳлар, станоклар, кавшарлаш ва пайвандлаш жиҳозлари ёрдамида бажарилади.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |