Chilla davri
Чилла даври — туғруқдан (йўлдош тушгандан бошлаб) кейинги 6 — 8 ҳафтагача бўлган давр. Туғруқдан кейинги биринчи соатлар (1 суткагача) эса илк чилла даври ҳисобланади. Бу муддатда кўп қон кетиш ҳолатлари кузатилади, шу сабабли алоҳида эътибор ва кузатув талаб этилади. Халқ табобатида Чилла даври 40 кун ҳисобланиб, шундан 20 куни кичик чилла, 20 куни катта чилла дейилади. Туғрукдан сўнг аёл организмининг асли ҳолига қайтиши, чақалоқнинг она сути билан озиқланишини, нормал ўсишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда кўзи ёриган аёлга Чилла даври учун жами 106 кун (туғрукдан олдин ва туғруқдан кейин) декрет отпускаси белгиланган, кейинчалик бола 2 ёшга киргунча нафақа тўлаш, аёлнинг хоҳишига кўра бола 3 ёшга тўлгунича иш жойи сақланган ҳолда бепул отпуска бериш қонунлаштирилган.
CҲ.д.да ҳомиладорлик, туғруқ даврида аёл организми (аъзо ва системалари)да содир бўлган физиологик ўзгаришлар аслига қайтади (инволюция). Чилла даврининг 1—2куни бачадон туби киндик рўпарасида (қовдан 12 см юқорида) туради. Чилла даврининг 10—12 куни давомида бачадон қисқариб, туби одатдагича қов суяги ортига ўтади. Чилла даврининг дастлабки кунлари бачадон оғирлиги 1000 г бўлса, 8ҳафта охиригача камайиб, 50—60 г га тушади.
Бачадон бўйнининг ички тешиги туғрукдан кейин, ташқи тешиги 3ҳафтада беркилади. Бачадон қисқараётган даврида шиллиқ қавати ҳам тикланиб, астасекин бачадон ички юзасини қоплаб боради. Чилла даврининг 3ҳафтасига келиб, бачадоннинг эпителий қавати тўла тикланади. Бу жараён тугаллангунга қадар туғруқ вақтида бачадон ички юзасида ҳосил бўлган жароҳатлардан Чилла даврига хос ажралма — лохиялар келиб туради. Лохиялар Чилла даврининг 3—4куни қонли, қипқизил бўлиб, кейин рангсизланади ва камаяди, 5—6 ҳафтага бориб тўхтайди. Чилла даврида қин (дилоқ) тонуси тикланади, ташқи жинсий аъзолар, қин ва бачадон бўйнининг чақаланган, йиртилган, шилинган жароҳатлари битади. Бачадоннинг чўзилган бойламлари секинаста калталашиб, бачадон найлари ва тухумдонлар одатдаги ҳолига келади.
CҲ.д.нинг 2—3куни сут безларил&н сут (туғруқнинг 15—18кунигача оғиз сути, кейин одатдаги сут) ажрала бошлайди (қаранг Лактация). Нормал ўтаётган Чилла даврида чиллали аёлнинг умумий аҳволи яхши: пулси текис, тўла, баъзан сийрак (физиологик брадикардия), артериал босими ва гавда температураси нормал ёки шунга яқин (гоҳо янги бўшанган аёл температураси бир оз кўтарилиши ҳам мумкин) бўлади. Чилла даврида ташқи жинсий аъзолар ва сут безларини ҳар куни тозалаб туриш, асептика, антисептика қоидаларига қатъий риоя қилиш зарур. Чунки аёл жинсий йўлларидаги туғруқ жароҳатлари, кўкрак сўрғичидаги ёриқлар орқали организмга инфексия кириши ва чилладаги септик касалликлар ривожланиши мумкин.
CҲ.д.да соғлом аёлларга туғруқнинг 2куниданоқ организмни бақувватлаш, бачадон қисқаришини тезлаштириш мақсадида махсус гимнастика машғулотлари комплекси белгиланади. Чилла даврининг 1—2куни соғлом аёлга енгил ҳазм бўладиган овқатлар (сут, манний бўтқаси, қаймоқ, қандли чой, кофе), 3кундан бошлаб одатдаги калорияли сервитамин овқатлар тавсия қилинади. Чилла даврида аёл аччиқ, шўр, ўткир дориворли ва бадҳазм таомлар истеъмол қилмаслиги, спиртли ичимлик ичмаслиги керак. Нормал кечаётган Чилла даврининг 4—5 куни туққан аёл туғруқхонадан чиқарилади. Гавда температураси юқори, шамоллаган, йирингли тери касаллиги ва бошқа инфексион касаллиги бор аёллар туғруқхонанинг махсус бўлимига ётқизилади.
Адабиёт
- Бодяжина В.И., Акушерлик (Дарслик), Т., 1971.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |