Chipor lola
Чипор лола (лотинча: Тулипа дубиа) – бир уруғпаллалилар синфи, лоладошлар оиласи, лола туркумига мансуб кўп йиллик гулли ўсимлик тури. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига камёб, эндемик тур сифатида киритилган. Тошкент вилояти Чатқол, Угом, Қурама, Қоржонтов тоғ тизмаларида тарқалган[1].
| Чипор лола | |
|---|---|
| Илмий таснифлаш | |
| Олам: | Эукариотлар |
| Тип: | Юксак ўсимликлар |
| Синф: | Бир уруғпаллалилар |
| Туркум: | Лола |
| Оила: | Лоладошлар |
| Бинар номи | |
| Тулипа дубиа | |
Тавсифи
Бўйи 7-25 см гача етадиган кўп йиллик пиёзчали ўт ўсимлик. Пиёзчаси тухумсимон чўзиқ, қобиғи тўқ жигарранг, ичи ётиқ тукли. Барглари уч дона пояда кетма кет жойлашган, бандсиз, пастки қисми билан пояни ўраб олади, ранги кўкимтир, четлари эгри бугри. Гуллари икки жинсли, поя учида якка жойлашган. Гулбанди кўкимтир, туклар билан қопланган. Гултожибарглари сариқ рангда, ташқи томони кўкимтир пушти йўл-йўл доғли, гул туби тўқ сариқ тусда. Чангчи иплари ва чангдонлари сариқ тусда. Ҳашаротлар ёрдамида чангланади. Май июн ойларида гуллаб меваси июлда пишади. Меваси тўқ жигарранг ёки яшил рангдаги кўсак мева. Уруғи ва пиёзчалари орқали кўпаяди.
Тарқалиши ва ўсиш шароити
Табиатда жуда кам тарқалган. Тошкент вилояти Чатқол, Угом, Қурама, Қоржонтов тоғ тизмаларида учрайди. Тоғларнинг ўрта ва юқори қисмларидаги унумдор тупроқларда, якка якка ҳолатда ўсади. Гуллари ва пиёзчаларининг йиғиб олиниши натижасида ареали қисқариб кетган. 1956-йилдан бууён Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ботаника боғида экиб ўстирилмоқда. Чатқол биосфера қўриқхонаси ва Угом-Чатқол давлат табиат миллий боғи ҳудудида муҳофаза остига олинган[2].
Манбалар
- ↑ „Тулипа дубиа“.
- ↑ Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби И жилд, 2019.