Чирчиқ (қад. номи Парак, "Бобурнома"да Чир, кейинги кичрайтирилган номи Ч.) — Тошкент вилоятидаги дарё. Сирдарёнинг йирик ўнг ирмоғи. Дарё ҳавзаси жанубий ва шарқда Қурама тизмаси ва Чатқол тоғ тизмалари, шимолида Талас Олатови ва унинг ғарбий тармоклари билан чегараланган. Ғарбий Тяншан тоғларидаги қор ва музликлардан Чатқол, Кўксув ва Писком дарёлари бошланади. 1971-йил гача Ч. Чорвоқ сойлигида Чатқол ва Писком дарёлари қўшилишидан ҳосил бўлар эди. Эндиликда дарё Чорвоқ сув омборидан бошланади ва Чиноз қишлоғи ёнида Сирдарёга қуйилади. Узунлиги 154 км, ҳавзасининг майдони 14240 км². Ч. тез оқадиган типик тоғ дарёси, тоғли қисмида чуқур, тор ва нишаб ўзанда тез оқади. Угом дарёси қўшилгандан сўнг Ч. водийси кенгаяди. Ч. га бир неча ирмоқлар келиб қуйилади. Энг йириклари Угом дарёси ва Оқсоқотасой. Қолган майда ирмоқлари (Қизилсув, Шўробсой, Озодбошсой, Оқтошсой, Товоқсой, Қорангкўлсой, Олтинбексой ва бошқалар)нинг баъзилари ёз ва куз ойларида қуриб қолади. Водийнинг текислик қисмида дарёга бирорта ҳам ирмоқ қўшилмайди. Ч. қор ва музлик сувларидан тўйинади. Сув сарфи Хўжакент қишлоғи яқинида 221 м³/сек., Чиноз қишлоғи ёнида 62 м³/сек. Энг кўп сув сарфи 2160 м³/сек. (1959-йил 8-апрел) ва 1452 м³/сек. га (1914-йил 14-май) етган. Бундай катта сув сарфи Ч. дарёси учун хос эмас. Энг кам сув сарфи 22м³/сек. бўлган (1956-йил феврал). Ч. Сирдарёга йилига 164 м³/сек. сув қуяди. Сув оқимининг 52,4% март—июн ойларида, 32,1% июл—сентабр ва қолган 15,5% октабр— феврал ойларида оқади. Январ—феврал ойларида суви камайиб, 52 м³/сек. дан ошмайди. Ч.да лойқа оқизиқлар кам. Тоғлардан чиқиб текислик бўйлаб оққанда суви кўплаб ирригацион тармоқлар орқали суғоришга олинади. Захариқ, Бўзсув, Қорасув, Шимолий Тошкент каби каналлар Ч. дарёсидан сув олади. Дарёдан гидроэнергетикада ҳам кенг фойдаланилади. Қодирия, Товоқсой, Оққовоқ, Оқтепа, Салор ва учта Қуйи Бўзсув, Чорвоқ (қуввати 600 минг кВцоат, Ғазалкент) ГЕСлар каскади шулар жумласидандир. Ч. суви, асосан, Тошкент вилояти ҳудудидаги экин майдонларини суғоришга сарфланади (Ч. — Бўзсув системаси Ўзбекистон ҳудудида 100 минг гектардан зиёд ерни суғоради), шунингдек, Тошкент, Чирчиқ, Янгийўл, Ғазалкент шаҳарларини ва кўп қишлоқларни сув билан таъминлайди. Ч. ўрта оқимида унинг ўнг соҳилидаги террасаларда Тошкент шаҳри жойлашган.[1]

Чирчиқ (дарё)
Chirchiq daryosi Chorvoq yaqinda
Чирчиқ дарёси Чорвоқ яқинда


Давлат
Ғазалкент гидроузели (жанубий қисми)

Манбалар

  1. ↑ "Чирчиқ (дарё)" ЎзМЕ. Ч-ҳарфи (Wайбаcк Мачине сайтида 2022-02-03 санасида архивланган) Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил