Чизмачилик — объектлар (турли машиналар, механизмлар, бинолар, иншоотлар ва бошқалар)нинг чизмаларини, схемалар, хариталар ва графикларни чизишга, турли буюмларнинг тасвирларини ясашга оид крнункридалар ва усулларни ўз ичига олган техника фани; чизмалар, лойиҳаларни чизиш билан шуғулланиш. Чизмачиликнинг асосини геометрия, чизма геометрия фанлари ташкил этади. Вазифаси — чизмачилик асбобларидан фойдаланиб турли буюмларнинг тасвирларини, лойиҳалар ва эскизларини чизишга, чизилган чизмаларни ўқишга, аксонометрия ясашга ўрганиш. Чизмачиликнинг мазмуни ва ҳажми унинг фан ва техниканинг қайси соҳаси учун мўлжалланганлигига қараб аниқланади. Чизмачилик фанининг бўлимлари: геометрик чизмачилик; проексион чизмачилик; машинасозлик чизмачилики, қурилиш чизмачилики ва бошқа геометрик чизмачиликда чизмачилик асбоблари, чизмаларни расмийлаштириш, геометрик ясашлар, туташмалар ва эгри чизиқлар ўрганилади. Проексион чизмачиликда нуқта, тўғри чизиқ, текис шакллар, геометрик жисмларнинг тасвирларини ясаш ва уларнинг ўзаро вазиятига оид масалалар, аксонометрик тасвирлар ва бошқа кўрилади. Машинасозлик чизмачиликида чизмаларнинг турлари, кўринишлар, қирқимлар, кесимлар, резбалар ва бошқа, қурилиш чизмачилигида эса бино қисмлари, санитария техникаси буюмларининг шартли белгилари ҳамда бино ва иншоотларнинг чизмалари ўрганилади. Чизмалар (схемалар, хариталар ва графиклар)ни чизиш билан шуғулланувчи кишилар чизмакашлар деб аталади. Турли соҳаларнинг муҳандислари, конструкторлари ва лойиҳачилари чизмакашликни билишлари шарт.