Chor Bakr
Чор Бакр — Бухорода яшаб ўтган (ИХ—Х асрлар) машҳур тўрт шайх (Абу Бакр Саʻд, Абу Бакр Фазл, Абу Бакр Муҳаммад, Абу Бакр Тархон), тасаввуфнинг йирик намояндалари. Чор Бакрларнинг аждодлари пайғамбар Муҳаммад (сав)нинг набираси Имом Ҳусайнга бориб тақалади. Улар Али авлодларидан 4 имом бўлган Жаъфар ас-Содиқнинг неваралари ҳисобланган.
Чор Бакрлар Бухорода вафот этган ва шаҳар яқинидаги Сумитан мавзеида дафн этилган. Уларнинг қабрлари устида Абдуллахон ИИ (ХВИ аср) даврида ҳашаматли мақбара ва бошқа меъморий иншоотлар қурилган (қаранг Чор Бакр меъморий мажмуаси).
Чор Бакрлар шажарасидан ХВИ асрда Жўйбор хожалари номи билан машҳур бўлган нақшбандия тариқатининг йирик шайхлари (қаранг Хожа Муҳаммад Ислом, Хожа Саъдуддин) етишиб чиққан. Бухоролик шоир Тошпўлат Аҳмад Чор Бакрлар фаолияти ҳақида "Чор Бакр" (1999) достонини ёзган.
Абу Бакр Саъд
Абу Бакр Ахмад ибн Хожа Саъд Яманий (ИХ аср охири — 971?) — Бухорода туғилган. Унинг отаси Хожа Саъд Яманий имом Ҳусайннинг Зайнулобидин исмли ўғлининг фарзанди бўлиб, у Бухорога Али ибн ал-Ҳусайн билан биргаликда келиб кетган (ИХ асрнинг сўнгги чораги). Наршахийнинг ёзишича, Сомонийлар амири Исмоил Сомоний унга Бухоро яқинидаги Жўйи Мўлиён мавзеидаги серҳосил ерларнинг катта қисмини вақф қилиб берган. Хожа Саъд Бухоро атрофидаги Сумитан қишлоғида чорбоғ, боғ, сардоба, тегирмон, ҳовуз ва бошқа бинолар барпо этиб, бу ердан катта даромад олган. Абу Бакр Саъд ва унинг авлодлари сомонийлар даврида Бухорода шайхулисломлик қилишган. Абу Бакр Саъд отаси вафот этгач, унинг ўрнига Исмоил Сомонийнинг пири ҳисобланган. У фикҳ мактабини ташкил этиб, кўплаб уламоларга устозлик қилган.
Абу Бакр Фазл
Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл ибн Жаъфар ал-Бухорий (ИХ асрнинг 2ярми — 937?) — Имом Жаъфар ас-Содиқ авлодидан. Сомонийлар даврида Бухорога келиб қолган. Унинг "Муснади Фазл" китоби айниқса машҳур бўлиб, бу асар Чингизхон Бухорони босиб олганда ёндириб юборилган.
Абу Бакр Муҳаммад
Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳамид (ИХ асрнинг 2ярми — 937?) — Унга "шайх ул олам" унвони берилган. У Абу Бакр Фазл билан бир йилда вафот этган ва иккаласининг қабрлари хам бир жойда ёнмаён жойлашган.
Абу Бакр Тархон
Имом Абу Бакр Тархон (ИХ асрнинг 2ярми — 945?) — "Китоби Муллазода" асарида ёзилишича, у "Жомеъ ва муснад" китобини ёзган.
Адабиёт
- Наршахий, Бухоро тарихи, Т., 1966; Гафурова Л.Г., Китоби Муллазаде, Т., 1992; Ҳусенов С, Ражабова И., Чор Бакр, Т., 2001; Йўлдошев Н., Қурбонов Ҳ., Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги зиёратгоҳлар тарихи, Бухоро, 2001.
Қаҳрамон Ражабов.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |