Chorvachilik instituti
Ўзбекистон чорвачилик илмий тадқиқот институти — илмий муассаса. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги илмий чорвачилик маркази таркибида. Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Қизил Шалола посёлкасида жойлашган. 1939-йил 29-ноябрда Ўрта Осиё чорвачилик ҳамда отчилик стялари негизида ташкил этилган. Институтда 23 бўлим (сутдор қорамоллар селексияси ва уларни кўпайтириш ҳамда сут ишлаб чиқариш технологияси; гўштдор қорамоллар селексияси ва уларни кўпайтириш ҳамда ишлаб чиқариш технологияси; қўйчилик ва эчкичилик; чўчқачилик ва чўчқа гўшти ишлаб чиқариш; паррандачилик, паррандалар селексияси ва генетикаси; отчилик; қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини озиқдантириш ва бошқалар), махсус тадқиқотлар олиб борувчи гурухлар бор. Институт таркибида Қорақалпоғистон Республикаси филиали, Тошкент вилоятида „Қизил Шалола“ тажриба хўжалиги, А. Усанов номидаги ширкатлар уюшмаси (гўштдор қорамолчилик ва сантагертруда зотли қорамолларни кўпайтириш бўйича); „Эркин“ ширкатлар уюшмаси (маккажўхори селексияси ва уруғчилиги бўйича); Сурхондарё таянч пункти (гўшт йўналишидаги қорамолларни урчитиш бўйича); Самарқанд лаборатория. (қораола зотли қорамолларни кўпайтириш бўйича); ферментлар ишлаб чиқарувчи лаборатория, Паррандачилик селексиягенетика стяси; Чатқол асаларичилик тажриба хўжалиги; бушуев зотли қорамолларни тарқатиш корхонаси; чорва ва парранда зотлари, озуқабоп экинлар, чорвачиликни механизациялаш бўйича кўргазма павилони; чорвадорлар илғор тажриба ва механизаторлар малакасини ошириш мактаби фаолият кўрсатади. Институт фаолиятининг асосий йўналишлари: чорва моллари ва паррандаларнинг мавжуд зотларини такомиллаштириш ва янги зотларини яратиш; озуқабоп экинларнинг серҳосил навлари ва дурагайларини яратиш; чорвачилик ва емхашак етиштиришнинг жадал технологияларини ишлаб чиқиш; чорва моллари ва паррандаларни илмий асосларда боқиш, уларнинг маҳсулдорлигини оширишнинг биологик асосларини ўрганиш ва 6 институт ташкил этилгандан бери сутдор бушуев зотли қорамол, жундор ва тивит берадиган Ўзбекистон эчки зотлари, қораола ва қизил чўл зотли қорамолларнинг 4 тизими, гўшт йўналишидаги қорамол зотларининг наслдор подаси, қўйларнинг 9 тизими, товуқларнинг маҳсуддор 2 та гуруҳи, озуқабоп экинларнинг 16 нави ва дурагайлари яратилди. Ўтган давр ичида институтда 1 акад., 20 дан ортиқ фан доктори ва 300 дан ортиқ фан номзодлари етишиб чиқди. Институтда илмий кутубхона, аспирантура, ихтисослашган илмий кенгашлар мавжуд. Илмий асарлар, монографиялар, тавсияномалар нашр этилади[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |