Чувашия, Чувашистон, Чувашия Республикаси (Чаваш Республикаси) — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Шарқий Европа текислигининг шарқида, Волга (Идил) дарёсининг ўрта оқимида жойлашган. Майдони 18,3 минг км². Аҳолиси 1 млн. 313,9 минг киши (2002). Пойтахти — Чебоксари шаҳри. 21 туман, 9 шаҳар, 8 шаҳарча бор.[1]

Давлат тузуми

Чувашия — республика. Республика раҳбари ва ижроия ҳокимият бошлиғи — президент. Олий ижрочи ҳокимият органи — Вазирлар Маҳкамаси. Олий қонун чиқарувчи ҳокимият органи — Давлат кенгаши.

Табиати

Волга (Идил) дарёсининг ўнг соҳили Волга бўйи қирларидан иборат. Шимоли-шарқий қисми Чувашия платоси билан банд (баландлиги 175–227 м.). Платонинг Волгага қараган ён бағри тик тушган, шу қисмида жарлик кўп. Чап соҳили — Заволже текислиги (баландлиги 50– 70 м)да дўнгликлар, ботқоқ ва торфли ерлар бор. Фойдали қазилмалардан оҳактош, доломит, ёнувчи сланец, фосфорит ва бошқа бор. Иқлими мўътадил континентал; қиши совуқ, ёзи илиқ. Январнинг ўртача темпатураси –12°, июлники 19°. Йиллик ёғин 450 мм. Дарёлари Волга (Идил) ҳавзасига мансуб (Волганинг Чувашия ҳудудидан ўтадиган қисми уз. 127 км). Чувашияда чимли подзол ва сур тусли ўрмон тупроклари ҳамда ишқорсизланган қоратупроқлар тарқалган. Ҳудудининг катта қисми ўрмонли дашт зонасида, ўрмонлар (кўпроқ қайин, қарағай, эман, жўка ўсади) 32% майдонни эгаллаган. Ёввойи ҳайвонлардан қўнғир айиқ, бўри, тулки, тийин, ондатра, суғур, лос, еноцимон ит ва бошқа яшайди. Чувашияда Чаваш Вармане миллий боғи, Присура қўриқхонаси бор.

Аҳолиси

Аҳолиси, асосан, чувашлар (67,8%); рус, татар, мордва ва бошқа ҳам яшайди. Шаҳар аҳолиси 60,6%. Давлат тиллари — чуваш ва рус тиллари. Диндорларнинг аксарияти православлар. Йирик шаҳарлари: Чебоксари, Новочебоксарск, Канаш.

Тарихи

Чувашия ҳудудида неолит даври охирида финугор қабилалари яшаган. Х асрда Ўрта Волга бўйида дастлабки давлат — ВолгаКама Булғорияси ташкил топди. Бу давлат 1243 йили Олтин Ўрда таркибига қўшиб олинди. Чувашиянинг шимолий қисмига келиб ўрнашган булғорлар билан финугор аҳолисининг аралашуви натижасида ХВ асрга келиб чуваш халқи шаклланди. ХВ аср бошида Олтин Ўрда парчаланиб кетди, чувашлар бошқа халклар билан бирга ХВ аср 1-ярмида вужудга келган Қозон хонлиги таркибида бўлди. 1551-йил чувашлар Россия таркибига кирдилар. 1920-йил июнда РСФСР таркибида Чувашия мухтор вилояти ташкил этилди. 1925-йил 21-апрелда Чувашия АССРга айлантирилди. 1990-йил сентабрда республика давлат суверенитети тўғрисида декларация қабул қилинди ва ҳозирги номини олди.

Хўжалиги ва саноати

Ялпи маҳсулот таркибида саноат улуши 31,5%, қишлоқ хўжалиги 18,5%, қурилиш 7%, транспорт 1,7%, савдо 10,9%ни ташкил этади. Асосий саноат тармоқлари: машинасозлик ва металлсозлик (электроника жиҳозлари, тўқув станоклари, электр юклагичлар, трактор ва бошқа ишлаб чиқариш), кимё (заҳарли химикатлар, лок, бўёқ, ишлаб чиқариш), енгил (жумладан, тўқимачилик), нефт кимёси, ўрмон, қора металлургия, ёғочсозлик ва селлюлоза-қоғоз, озиқ-овқат саноати. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Шумерля шаҳрида махсус автомобиллар заводи, Чебоксарида приборсозлик, электроаппарат, электр приборлари, электроника ва механика, кабел заводлари, микропайванд учун махсус асбоб, видеокассета ишлаб чиқариладиган завод, тўқимачилик машиналари, саноат тракторлари ва уларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариладиган заводлар, ип-газлама, трикотаж комбинатлари, Мариинский Посад шаҳрида кабел заводи, Канаш шаҳрида электр юклагичлар заводи, Шумерля, Козловка шаҳарларида автофургон комбинатлари бор. Йилига ўртача 7 млрд. кВт/соат электр энергия ҳосил қилинади. Чебоксари ГЕС ишлайди. Асосий саноат марказлари: Чебоксари, Новочебоксарск, Канаш, Алатир, Шумерля.

Қишлоқ хўжалиги гўшт-сут чорвачилиги ва ғалла етиштиришга ихтисослаштирилган. Деҳқончиликда буғдой, жавдар, сули, зиғир, қанд лавлаги, картошка ва сабзавот етиштирилади. Боғдорчилик билан ҳам шуғулланилади. Қорамол, чўчқа, қўй боқилади; паррандачилик ривожланган.

Транспорти

Чувашияда темир йўллар уз. — 396 км. Муҳим темир йўл тармоқлари: Саранск–Канаш–Чебоксари, Москва–Арзамас–Канаш– Қозон. Автомобил йўллари узунлиги 4424 км. Асосий автомагистраллари: Нижний Новгород–Чебоксари–Қозон, Уляновск–Чебоксари–Ёшкар Ола. Волга ва Сура дарёларида кема қатнайди. Асосий дарё портлари: Чебоксари ва Новочебоксарск. Чебоксарида халқаро аэропорт бор.

Тиббий хизмати, маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари

1990-йиллар охирида қар 10 минг аҳолига 43 врач тўғри келди. 20 дан ортиқ санаторий-курорт ва бошқа дам олиш муассасалари бор. Чувашиядаги 715 умумий таълим мактабида 210 минг, 26 ўрта махсус ўқув юртида 20,4 минг ўқувчи, 3 олий ўқув юрти (Чувашия университети, қишлоқ хўжалиги академияси, педагогика институти)да 18,8 минг талаба таълим олади. Чувашияда миллий академия, тармоқ илмий тадқиқот институтлари фаолият юритади. 700 дан зиёд кутубхона, бир қанча клуб муассасаси ва киноқурилма, Чебоксарида ўлкашунослик музейи, 750 га яқин тарихий ва маданий ёдгорликлар, Ибреси этн. музейи (очиқ) бор. Чуваш ва рус тилларида газета ва журнал нашр этилади. Маҳаллий радио ва телевидениеси чуваш ва рус тилларида эшиттириш ҳамда кўрсатувлар олиб боради.

Адабиёти

Адабиёти ХИХ асрнинг 2-ярмида вужудга келган. Унгача бой фолклор (эпик қисса, тарихий ва маиший қўшиқлар, эртак, афсоналар) мавжуд бўлган. ХИХ аср ўрталаридан биринчи чуваш тарихчи ёзувчиси, фолклорчи ва этнограф С.Михайлов ижод қила бошлаган. ХИХ асрнинг 70-йилларида маърифатпарвар Н.Я. Яковлев (1848–1930; 1872-йил „Чувашлар учун алифбе“ яратган)нинг халқ ижоди асосида яратган асарлари чуваш миллий адабиётининг шаклланишида муҳим рол ўйнади. Унинг дастлабки арбоблари М.Фёдоров, И.Юркин. ХХ асрнинг бошлари ва фуқаролар уруши даврида сатирик ва драматург М.Акимов, демократ шоир К.Иванов, драматург ва композитор Ф.Павлов, шоирлар Н.Шубоссинни, Н.Шелеби, Т.Тимки, М.Сеспел самарали ижод қилдилар. 20–30-йилларда С.Фомин, С.Элгер, И.МаксимовКошкинский, М.Трубина, П.Осипов, П.Хузангай, Л.Агаков, Я. Ухс ай, Н.Илбеков ва бошқаларнинг асарлари юзага келди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари чуваш ёзувчилари томонидан ватанпарварлик руҳидаги асарлар яратилди (М.Уйпнинг „Солдатнинг онаси“ достони, 1943; Л.Агаковнинг „Партизан Мурат“ қиссаси, 1943). Урушдан кейинги ва 50– 70-йилларда чуваш адабиётида халқнинг жанг майдонидаги ва тинч қурилиш давридаги меҳнат қаҳрамонлиги ўз ифодасини топди (П.Хузангайнинг „Улкан қалб“ достони, Н.Терентевнинг „Тўлқинлар қирғоққа урилади“ песаси, А.Артелев, С.Аслан, К.Турхан, А.Емелянов, Г.Краснов ва бошқаларнинг насрий асарлари, Ю. Семёнов, А.Галкин, Г.Ефимов ва бошқаларнинг шеърлари). 1934-йил Чувашия ёзувчилар уюшмаси ташкил этилган.

Меъморлиги ва тасвирий санъати

Чувашия ҳудудидан палеолит даврига мансуб қароргохларнинг қолдиқлари, қўрғонларнинг харобалари, Х—ХИ асрларда Волга бўйи булғорлари яшаган жойлар (Тигашево қишлоғидаги қалъа, Була, Сивил ва Сура дарёлари ҳавзасидаги қишлоқ ва бошқалар) топилган. Чувашия Рус давлатига қўшилгач (ХВИ аср ўрталари), аҳоли пунктлари (Алатир, Чебоксари, Ядрин) қуриш бошланди; улар астасекин шаҳарларга айлантирилди. Шаҳарларда турли хил иншоотлар (жумладан, Чебоксаридаги Введенский собори, 1657; ХВИИ—ХВИИИ асрларда бунёд этилган турар жой бинолари) барпо этилди. ХИХ асрнинг 2ярмидан қишлокларда рус халқ меъморлиги таъсири кўзга ташланади. Ҳозирги даврдаги йирик иншоотлар; қишлоқ хўжалиги институти (1957; меъмор Е. Калашников), Чувашия мусиқалидрама театри (1961, меъмор А.Максимов), „Электрчи“ маданият саройи (1964, меъмор А.Королков), савдо маркази (1982, меъмор М.Кудрявсев ва бошқалар), ҳаммаси Чебоксари шаҳрида.

Чувашияда қадимдан халқ амалийбезак санъати (нақш билан безаб мато тўқиш, каштадўзлик, ёғоч ўймакорлиги, мунчоқлардан буюм тайёрлаш, кашта билан безаб кийим тикиш) ривож тоган. 1920-йиллардан рассомлик (М.Спиридонов, Н.Сверчков, Ю. Зайсев), ҳайкалтарошлик (Г.Спиридонов) пайдо бўла бошлади. Рассомлардан Н.Овчинников, Н.Карачарсков, Р.Фёдоров, П.Григорев, В.Турин, графиклардан В.Агеев, Б.Емелянов, ҳайкалтарошлардан Ю. Ксенофонтов машҳур. 1933-йилдан Чувашия рассомлар уюшмаси мавжуд. Мусиқаси. Чуваш халқ қўшиқлари, асосан, бир овозли ва пентатоникага асосланади. Мусиқа асбоблари: шахлич (қамишнай), шапар ва сарнай (волинкалар), кёсле (гусли), вархан ва палнай (тилли), ханкарма (бубен); кейинчалик скрипка ва гармон ҳам урф бўла бошлади. Чувашияда профессонал мусиқа 1920-йиллардан вужудга келди. Ф.Павлов, С.Максимов, В.Воробев, Г.Лисков биринчи чуваш композиторларидир. Вокал, вокалсимфоник, симфоник мусиқа, саҳна мусиқа жанрларини ривожлантиришга Ф.Лукин, Г.Хирбю, Г.Лебедов, А.Тогаев, Ф.Василев ва бошқа салмоқли ҳисса қўшдилар. Ижрочилар ўртасида хонандалар И.Василев, А.Токсина, А.Казакова, Т.Чумакова, М.Денисов, дирижёрлардан Ф.Лукин, Г.Лебедев, А.Орлов-Шузм машҳур. Чувашияда Чуваш мусиқали театри (1959), филармония (1936), ашула ва рақс ансамбли (1924), Чуваш радио ва телевидениеси хори (1943) фаолият кўрсатади. 1940-йил Чувашия композиторлар уюшмаси тузилган.

Театри

Биринчи чуваш профессионал театри 1918-йил Козон шаҳрида тузилган ва Чуваш Кучма театри деб номланган. Бу театрнинг ташкил топиши миллий драматургиянинг ривожланишига сабаб бўлди. Унинг саҳнасида биринчи чуваш песалари — М.АкимовАруйнинг „Бевақт ўлим“, Ф.Павловнинг „Судда“ песалари қўйилди. 1920-йил Чуваш кўчма театри Козон шаҳридан Чебоксарига кўчирилди (1933-йилдан академик театр, 1959-йилдан К. В. Иванов номидаги Чуваш мусиқали драма театри). 1969-йил ундан Мусиқа театри ажралиб чиқди, драма жамоаси эса К. В. Иванов номидаги Чуваш академик драма театри деб номланди. Бу театрда турли даврларда миллий драматурглар П. Осипов, Р.Ржанов ва бошқа халклар классикларининг песалари саҳналаштирилди. Театр актёрларидан А.Ургалкин, В. Кузмина, В. Родионов, В.Яковлев, Л.Родионов ва бошқа машҳур. Чувашияда, шунингдек, Рус драма театри (1922), ёш томошабинлар театри (1933), қўғирчоқ театри (1943) (ҳаммаси Чебоксари шаҳрида), бошқа шаҳарларда театрлар бор.

Манбалар

  1. ↑ "Чувашия" ЎзМЕ. Ч-ҳарфи (Wайбаcк Мачине сайтида 2022-02-03 санасида архивланган) Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил