Муаллифлик ҳуқуқи белгиси

Муаллифлик ҳуқуқи – кенг маънода – фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш, фойдаланиш ва ҳуқуқий ҳимоя қилишда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар йиғиндиси; фуқаролик ҳуқуқининг бир бўлими. Тор маънода – асар муаллифига тегишли бўлган ва қонунларда мустаҳкамланиб қўйилган шахсий ва мулкий ҳуқуқлар тизимини ташкил этади. Муаллифлик ҳуқуқи бўйича муносабатлар ҳар бир давлатга хос қонунлар ва халқаро конвенсиялар билан тартибга солинади.

Муаллифлик ҳуқуқи бўйича 1952-йилги Жаҳон (Женева) конвенсияси ҳамда адабий ва бадиий асарларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги Берн конвенсияси (1886) мавжуд. Берн конвенсияси муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг қатъий тизимини ўзида ифодалайди. Ўзбекистонда нуаллифлик ҳуқуқининг асосий нормалари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (1041 – 1073-моддалар) ва „Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида“ги ЎзР қонуни (1996-йил 30-августда)да белгиланган.

Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек, ифодалаш усули (қўлёзма, тасвир, аудио/видео ёзув, хайкал ва ҳ.к.)дан қати назар, татбиқ этилади. Барча турдаги компютерлар учун дастурлар ва маълумотлар базалари ҳам муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланади. Муаллиф ўз асарига нисбатан қуйидаги шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқларга эга:

  • муаллиф сифатида эътироф этилиши ҳуқуқи;
  • асарни ўз исми, тахаллуси ёки аноним тарзда эълон қилиш ҳуқуқи;
  • асар дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ;
  • асардан ҳар қандай шаклда ва усулда фойдаланиш ҳуқуқи;
  • асарни эълон қилиш ҳуқуқи;
  • асардан фойдаланилганлик учун ҳақ олиш ҳуқуқи;
  • асарни тасарруф қилиш ҳуқуқи.

Асардан муаллиф ёки унинг меросхўри билан муаллифлик шартномаси тузиш орқалигина фойдаланиш мумкин. Чоп этилган бегона асардан муаллифнинг розилигисиз ва муаллифлик ҳақини тўламаган ҳолда шахсий мақсадларда фойдаланишга, башарти бунда асардан нормал фойдаланишга зиён етмайдиган ва муаллифнинг қонуний манфаатларига путур етмайдиган бўлса, йўл қўйилади. Асардан муаллифнинг исм-шарифини ва олинган манбани кўрсатган ҳолда ҳамда асардан нормал фойдаланишга зарар етказмаслик ва муаллифнинг қонуний манфаатларини камситмаслик шарти билан илмий тадқиқотларда, таълим ва ўқув нашрларида, ахборот мақсадларида қисман ёки тўлиқ такрорлашга рухсат берилади. Асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи у яратилган пайтдан бошлаб амал қилади. Муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва вафотидан кейинги йилнинг 1 январдан бошлаб 50 йил давомида амал қилади. Муаллиф вафотидан кейинги муаллифлик ҳуқуқи унинг меросхўрларига тегишли бўлади ва мерос бўйича бир шахсдан 2-шахсга ўтади. Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин асар ижтимоий бойликка айланади, яъни ҳар қандай шахс муаллифлик ҳақини тўламаган ҳолда эркин фойдаланишга ҳақли. Муаллифлик шахсий номулкий ҳуқуқлари муддациз амал қилади.

Муаллифлик ҳуқуқи бузилган тақдирда у суд орқали ҳимоя қилинади. Муаллифлик ҳуқуқи бузилишининг кенг тарқалган турларига плагиат (кўчирмачилик, маданий ўғирлик), асардан муаллиф рухсатисиз тижорат мақсадларида фойдаланиш (маданий қароқчилик) киради. Бундай ҳолларда ҳуқуқбузар муаллиф ҳуқуқларини тиклаши, унга етказилган зарарларни тўлаши лозим. Муаллифлик ҳуқуқини бузишга қаратилган воситалар (асарнинг контрафакт нусхалари) йўқ қилиб ташланади. Муаллифлик ҳуқуқи эгаси ўзига тегишли ҳуқуқларни ўз хоҳишига кўра шахсан амалга оширишга ҳақлидир. Ҳуқуқ эгасидан бошқа шахслар муаллифлик ҳуқуқларини фақат ҳуқуқ эгасининг розилиги билан ва у берган ваколатлар доирасида бошқаришлари мумкин (масалан, ишончнома орқали). Муаллифлик ҳуқуқи эгалари ўз зиммасига муаллифлик ҳуқуқларини бошқариш юклатиладиган ташкилотларни тузишлари мумкин. Муаллифнинг ўз асарига нисбатан мутлақ ҳуқуқлари (мулкий ҳуқуқлар) тижорат муомаласида ҳаракатда бўлиши, ҳақ эвазига бошқа шахсларга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши, ҳадя қилиниши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштирганлик, ҳаммуаллифликка мажбур этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Муаллифлик ҳуқуқини муҳофаза этишни ташкилий-ҳуқуқий таъминлаш, бу борада давлат сиёсатини амалга ошириш учун Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги фаолият кўрсатади[1].

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Муаллифлик ҳуқуқи“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (М-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Адабиётлар

  • Тошеъ Б., Муаллифлик ҳуқуқи, Т., 2002;
  • Насриев И. Муаллифликҳуқуқи мазмуни ва шахсий номулкий хуқуқлар ҳимояси, Т., 2003.

Ҳаволалар