Даъво (ҳуқуқда) — бузилган ҳуқуқи ёки қонун билан қўриқланадиган ман-фаатларини ҳимоя қилиш учун ҳакамлар судига, арбитражга ёки судга қилинадиган мурожаат. Даъво 3 элементдан — асос, мавзу ва мазмундан иборат. Даъвогарнинг талаби Даъво мавзуидир. Даъво билан жараён бошланади, тарафлар (даъвогар, жавобгар) суд олдида ўзларининг талаб ва эътирозларини баён қиладилар. Даъво аризаси суд ёки арбитражга ёзма тарзда берилади, унда ариза берилаётган суд ёки арбитражнинг, даъвогар ва жавобгарнинг номи, яшаш жойи, агар даъвогар юридик шахс (ташкилот) бўлса, жойлашган жойи, агар ариза вакил томонидан берилса, вакилнинг номи ва манзили, даъвогар талабини асослайдиган ҳамда тасдиқлайдиган далиллар, даъвогарнинг талаби, аризага илова қилинган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши керак.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил