Dahriylik
Даҳрийлик (араб, даҳр – вақт, тақдир, фалак) – ислом пайдо бўлмасдан илгари араб жамиятида кенг тарқалган ақида. „Ўлим“, „тақдир“, „ажалнинг етиши“ маъноларини англатган бу ақидага кўра, инсоннинг тақдири олдиндан белгилаб қўйилган, у эркин ирода ёки ихтиёр эгаси эмас, пешонасига „ёзилган“ нарса, албатта, содир бўлади ва ундан қутулишнинг иложи йўқ. Жоҳилия арабларида ҳаётдан кейинги дунё борлигига, бу дунёда заҳмат чекканга у Дўнёда ажр, гуноҳ ишлар қилганларга азоб берилишига ишонч йўқ эди. Борлиқ эгаси, олий ҳокими сифатида муайян бир худо эмас, қандайдир „даҳр“, тақдири фалак, инсон иродаси билан ҳисоблашмайдиган ва ундан юқори турадиган тасодифий ўзгаришлар жараёни тасаввур қилинарди. Уларнинг эътиқодича, ўлимдан сўнг ҳамма нарса тугайди, шунинг учун бугунги кун билан яшаб қолиш керак. Бундай ҳиссиёт Қуръонда қуйидаги сўзлар билан ифодаланган: „Улар дейдилар: фақат битта – бу дунёдаги ҳаётимиз бор – яшаймиз ва ўламиз; бизни даҳр (вақт, такдир) ҳалок қилади“ (Жосия сураси, 24-оят). Кейинчалик, ислом адабиётида „даҳрий“ сўзи „мўъмин“ сўзининг акси сифатида ишлатила бошланди. Ўрта асрларда бир қанча олим, мутафаккир ва шоирлар (мас, Мансур Ҳаллож) Д.да айбланиб, шафқациз жазоланган. Ҳозир ҳам мусулмон дунёсида Д. қораланади. Д. ва атеизм атамалари бир маънони англатмасада, шўролар даврида уларни синоним сўз сифатида ишлатиш расм бўлиб қолган эди.
Аҳаджон Ҳасанов.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |