„Дарахтлар суҳбати“ — ўзбек шоири Эркин Воҳидов қаламига мансуб шеърий тўплам. 1988-йил Тошкент шаҳрида „Юлдузча“ нашриётида чоп этилган.[1] Тўплам мактабгача ёшдаги болалар учун мўлжалланган. Асар расмларини С. Гиленко чизган. Китоб номи Воҳидов 1962-йил ёзган „Дарахтлар суҳбати“ шеъридан олинган.

Дарахтлар суҳбати
Муаллиф(лар) Эркин Воҳидов
Тил ўзбекча
Жанр(лар)и шеърлар
Нашриёт „Юлдузча“
Ўзбек тилида нашр этилган санаси 1988
Саҳифалар сони 21
ИСБН ИСБН 5-8250-0027-5

„Дарахтлар суҳбати“ шеъри

Қарағай
Бўйин чўзиб
Қарағай
Ён-атрофга
Қарагай.
Дер у:
Барча дарахтдан
Баланд аканг -
Қарағай.

Терак
Мен теракман,
Теракман.
Мен ҳаммага керакман.
Осмон менинг
Елкамда.
Мен оламга
Тиргакман.

Мажнунтол
Бошим эгик
Мажнунҳол,
Мажнунтолман,
Мажнунтол.
Дам олсангиз
Соямда,
Мен сизлардан
Мамнун тол.

Арча
Мен арчаман,
Арчаман.
Мен хурсандман
Барчадан.
Атрофимда
Айланиб
Ҳеч чарчаманг,
Чарчаманг!

Олма
Мен сизларнинг
Олмангиз,
Хомлигимда
Олмангиз,
Нортожига
Ўхшаб сўнг
Вой қорним, деб қолмангиз!

Ўрик
Қантак ўрик
Отим бор,
Хўп мазали
Тотим бор.
Мағизимга беркитган
Қантим бор,
Новвотим бор.

Шаҳтоли
Сариқ, оқ шафтолиман,
Зарғалдоқ
Шафтолиман,
Мақтаниб ўлтирмайман,
Манандоқ
Шафтолиман.

Ёнғоқ
Мия каби
Шаклим бор,
Бошим тўла
Ақлим бор.
Мени еган
Донишманд
Бўлур деган
Нақлим бор.

Нашвати
Мени дерлар
Нашвати,
Шарбатларнинг
Шарбати,
Мазаларнинг
Мазаси,
Лаззатларнинг
Лаззати.

Гилос
Мен гилосман,
Қулоқ сол,
Рангим олу
Тотим бол,
Топсанг қўшалоғимни
Қулоғингга
Тақиб ол.

Манбалар

  1. ↑ „Дарахтлар суҳбати“ (русча). Россия давлат кутубхонаси. Қаралди: 2020-йил 25-декабр.