ДАРИО (Дарио) Рубен (тахаллуси; асл исм-шарифи Феликс Рубен Гарсиа Сарменто; 1867.18.1, Метапа — 1916.6.2, Леон) — Никарагуа шоири, журналист. Узоқ вақт Европада яшаган. "Эпистолалар ва шеърлар. Биринчи оҳанглар" (1885) номли илк тўплами романтик рухда. "Мовийлик" (1888), "Мажусийлик қўшиқлари" (1896) шеърий тўпламлари ҳамда замонавий ёзувчилар тўғрисидаги "Буюклик" (1893) эсселар китоби америкалик испан тилли адабиётга янги модернизм руҳини олиб кирган. Д. ижодига франсуз адабиётида мавжуд бўлган парнас оқими кучли таъсир кўрсатган. "Умр ва умид қўшиқлари" (1905) шеърий тўпламида ижтимоий мавзу асосий ўринни эгаллайди. "Дайди қўшиқ" (1907) тўпламидаги кўпгина шеърлари ҳаётга муҳаббат руҳи билан суғорилган. Замондошларини маънавий изланишларини, руҳий азоб-уқубатларини ҳаққоний акс эттирган Д. шеърият ислоҳотчиси сифатида испан тилли Америка адабиёти тараққиётига муносиб улуш қўшган. ХХ аср 80-й.ларида Лотин Америкаси адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиққан. Г. Г. Маркес, Х. Кортосар, Х. Рулфо каби ёзувчилар Д. ижодидан унумли фойдаланишган.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил