Даромадларни индекслаш ёки даромадлар индексацияси — истеъмол буюмлари нархлари даражасига мувофиқ турли аҳоли тоифаларининг номинал даромадлари (иш ҳақи, нафақа, стипендия, пенсия ва бошқалар)ни давлат томонидан мунтазам ошириш; аҳолини инфляциядан ижтимоий ҳимоялаш тадбирларидан бири.[1] Нарх-наво индекси тирикчилик учун зарур товарлар мажмуи — озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор товарлари, хизматлар бўйича ҳисобланади (қимматбаҳо буюмлар, автомашина, биллур ва бошқа нодир товарларга қилинадиган ҳаражатлар бу ҳисобга кирмайди). Биринчи навбатда энг кам даромад олувчи ва даромади белгили бўлган аҳоли тоифалари даромадлари индексланади.

Ўзбекистонда

Ўзбекистонда бозор ислоҳотларига ўтиш даврининг дастлабки босқичида (1991—96) ҳукумат аҳолини бозор иқтисодиёти шароитида ижтимоий ҳимоялаш давлат дастурини ишлаб чиқди ва амалиётга жорий эта бошлади. Унга кўра, аҳоли турмуш тарзининг пасайиб кетиши олдини олиш мақсадида 1992—95-йилларда ҳар йили 4 мартадан, 1996—98-йилларда ҳар йили 2 мартадан даромадларни индекслаш ўтказилди, даромадлар 20—50% гача индексация қилинди. Ўзбекистонда иш ҳақи тариф тизими орқали табақалаштирилиб, турли касблар ва иш турлари учун иш ҳақи тўлашнинг ягона разрядлари белгиланган. Нархлар ўсиши билан минимал иш ҳақида даражаси (1-разряд) ҳамда барча разрядлар улар ўртасидаги нисбат сақланган ҳолда ошириб борилади. Маасалан, 2001-йил 1-августдан бошлаб иш ҳақининг минимал даражаси 3430 сўм қилиб белгиланди. Даромадларни индекслаш мамлакатда инфлясия суръатлари 20% гача бўлган тақдирдагина самара бериши мумкин.

Манбалар

  1. ↑ Салиммов, Садир (2000-2005). "Даромадларни индекслаш". Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Тошкент.