Дарсонвализация - юқори кучланишли ва юқори частотали ўзгарувчан токни даво мақсадида қўллаш; шу усулни тавсия этган (1891) франсуз олими д’Арсонвал номи билан аталган. Умумий (индуктотерапия) ва маҳаллий Д. фарқ қилинади. Газ билан тўлдирилган шиша электрод бемор баданида у ёқ-бу ёққа сурилади, бунда бемор бадани билан электрод ўртасида кичик учқун разрядлар ҳосил бўлиб, теридаги нерв охирларини қитиқлайди. Айни вақтда терида бир оз иссиқлик пайдо бўлади, қон томирлари рефлектор йўл билан кенгаяди. Д. тўқималарнинг озиқланишини яхшилаб, оғриқни қолдиради. Д.да тўқималарда маълум физик ва кимёвий ўзгаришлар рўй беради. Умумий Д. қон босимини кўтаради, мия томирлари тонусини барқарорлаштиради, моддалар алмашинувини яхшилайди ва ҳоказо. Маҳаллий Д. қон томирлар тонусини оширади, моддалар алмашинувини тартибга солади, тўқималар озиқланишини яхшилайди, лимфоцитларнинг ҳимоя фаолиятини кучайтиради ва б. Периферик кон айланиши бузилганда, яъни қўл ёки оёк, томирлари торайиб, тўқималар озиқланиши ўзгариши натижасида эт увишиб, худди чумоли юраётгандек сезилганда бу усул (маҳаллий Д.) қўлланади. Невроз ва юрак томирлари спазми оқибатида, юза нервлар чигаллари, гипертония касалликларига ва оғриқ билан ўтадиган б. касалликларга даво қилишда Д.дан фойдаланилади. Д. терининг озиқланишини яхшилаши сабабли бир канча тери касалликларини даволаш, косметикада ажин тушиши, шунингдек, соч тўкилишининг олдини олишда жуда қўл келади.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил