Dashnaksutyun
Дашнаксутюн (арманча: Հայ Յեղափոխական Դաշնակցութիւն) – арман миллатчилари партияси. 1890 йилда Тифлисда тузилган. Туркистонда маҳаллий аҳолига қарши қирғинлар уюштирган (1918—19). Аъзолари ўзларини „дашноқлар“ деб аташган. Дастлаб „Дашнаксутюн“ дастурида террор ва қуролли ҳаракат йўли билан Буюк Арманистон давлатини барпо этиш кўзда тутилган. ХХ аср бошларида Кавказда арманлар билан туркий халқларни бирбирига қарши қўзғатиб, миллий низоларни кучайтиришда машъум рол ўйнаган. Турк-арман қирғини (1915) сабабчиларидан бири бўлган. Шу қирғиндан сўнг дашноқларнинг бир қисми Туркистонга келиб ўрнашган. 1917 й.ги кескин сиёсий ўзгаришлардан кейин „Дашнаксутюн“ Арманистонда ҳокимиятни эгаллади (1918 й. май – 1920 й. ноябр). Каре вилояти ва Эриван губернясида мусулмонларни оммавий қирғин қилди (1920 й. сент.).
Болшевиклар Туркистонда зўравонлик билан совет режимини ўрнатгач, „Дашнаксутюн“ партиясининг қуролли дружиналаридан ўлкадаги миллий кучларга қарши курашда фойдаланди. Дашноклар 1918 й. февралда қизил аскарлар билан бирга Қўқон ш.да оммавий қирғин ўтказди (қаранг Туркистон мухторияти). Умуман 1918—19 йиллар давомида Фарғона водийсида истиқлолчиларга қарши кураш ниқоби остида тинч аҳолидан 35000 кишини қириб ташлаб, молмулкини талонтарож этди. Турор Рисқулов, Саъдулла Турсунхўжаев, Низомиддин Хўжаев каби раҳбар ходимларнинг қатъий талаби натижасидагина Туркистон МИК 1919 й. 16 июлдаги буйруғи билан „Дашнаксутюн“ партиясини тарқатиб юборди ва дашноқ дружиналарини қуролсизлантирди (яна қ. Истиқлолчилик ҳаракати). „Дашнаксутюн“ Арманистоннинг ўзида ҳам тақиқланди (1921), аммо хорижда ўз фаолиятини давом эттирди. 1990-йилардан „Дашнаксутюн“ Арманистонда ошкора фаолият кўрсата бошлади.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2-китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Ражабов Қ. К., Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар, Т., 2000; Туркестан в начале ХХ века: к истории истоков националной независимости [Коллектив авторов], Т., 2000.
Қаҳрамон Ражабов.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |