Дастаки машиналар, механикавий асбоблар — мотори (двигатели) ичига ўрнатиб кетиладиган ва қўлда ишлатиладиган технологик машиналар. Асосий Д. м. жумласига пармалаш, силликлаш-ялтиратиш машиналари (асбоблари), механик арралар, қайчилар, болғалар киради. Д. м. юритмаси пневматик (ҳаволи), электрик, гидравлик (суюқликли) ва б. бўлиши мумкин. Д. м.ни оператор (малакали ишчи) ишлатади. Моторсиз Д. м. (мас, арра, ранда, парма ва б.) дастаки (қўлда ишлатиладиган) қуроллар деб аталади.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил