Википедияда исми Давлат ва фамилияси Ризаев бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Давлат Ризаев (1903-йилда туғилган) – ўзбекистонлик жамоат ходими.

Давлат Ризаев
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1903-йил
Хоразм
Вафоти 1937-йил
Фуқаролиги SSSR bayrogʻi СССР
Миллати ўзбек
Касби
  • жамоат ходими
Мукофотлари

Ҳаёти ва меҳнат фаолияти

Давлат Ризаев 1903-йилда янги Урганчда боғбон оиласида дунёга келган. 13 ёшига қадар отаси Риза бува ва онаси Саломат аялар бағрида улғайган, сўнгра эски усулдаги мактабда таҳсил олган. Шундан сўнг Янги Урганчнинг давлатманд савдогарларидан Матёқуб Қултага шогирд бўлиб тушган. Иш билан бир вақтда янги усулда дарс берувчи ўқитувчига қатнаб рус тилини ҳам ўрганган.

Давлат Ризаев 1918—1920-йиллар мобайнида Жунаидхон ёрдамида Янги Урганчга ҳоким бўлган, ўзининг рус тилини билиши, интилувчанлиги сабабидан ҳам тезда танилган. Хивада хонлик ағдарилгач, 1920-йил март ойидан бошлаб 5 ой давомида Хивадаги интернатда тарбиячи вазифасида фаолият юритган. Сўнгра бошқа тенгдошлари сингари 1920—1921-йилларда Оренбург маориф институтида таҳсил олган. Аммо иқтисодий етишмовчиликлар сабабидан ўқишни якунлай олмайди. Тошкент шаҳрига қайтгач, 6 ойлик совет партия мактабини тамомлаган. Бу вақтга келиб Давлат Ризаев ёш тараққийпарвар ёшлардан бири сифатида турли газеталарга мақолалар ҳам ёзиб турган[1].

1922-йилда фирқага номзод бўлган. Қизил қўшинда сиёсий раҳбар бўлиб ишлаган. 1924-йилда фирқа аъзолигига ўтган ва Хоразм МИҚ раиси С.Жуманиёзов билан Москвада Чичерин қабулида бўлиб, Хоразм Республикасининг тақдири тўғрисидаги музокараларда иштирок этган. Тошовуз шаҳрида бўлиб ўтган округ партия сездида Хоразм Республикасини сақлаб қолиш масаласини ҳимоя қилган. Шу йили Хоразм Марказкоми томонидан МК вакили сифатида Урганч ва Хонқа туманларини ва Тошовуз шаҳрини босмачилардан муҳофаза қилиш учун юборилган.

Хоразм Республикаси „Қизил байроқ“ ва Хоразм „Меҳнат қизил байроқ“ орденлари билан тақдирланган. 1924-йил 1-декабрда ВКП(б) Ўрта Осиё бюроси аъзоси, 1925-йилда Ўзбекистон халқ маориф комиссари ўринбосари, ўқув юртлари бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган ва ўша йили 22-ноябрдан маориф комиссари этиб тайинланган. Шу билан бирга Ўзбекистон К(б)П МК Ижроия бюроси аъзоси ва Ўзбекистон МИҚ аъзоси, СССР МИҚ ва Миллатлар совети аъзоси бўлган. 1928—1929, 1930—1932-йилларда Москвада Свердлов номидаги университетида таҳсил олган.

1929—1930-йилларда Хоразм окружком МК котиби бўлиб ишлаган. 1932-йилгача Москвада бўлган. 1933-йилда Норин тумани фирқа котиби лавозимида ишлаган. 1933-йил 1-августдан 1934-йилгача Самарқанд шаҳар фирқа котиби, 1934-йилда ВКП(б) МК фирқа назоратининг Ўзбекистондаги вакили, 1937-йилда Қорақалпоқ обкоми котиби лавозимида ишлаган[2].

Айблов

1937-йил 3-августда қамоққа олинган. 1937-йил 1-октябрда қийноқ ва туҳматларга чидай олмай, ўзини ўзи маҳв этган.

Манбалар

  1. ↑ „ДАВЛАТ РИЗАЕВ“. урду.уз. Қаралди: 11-август 2024-йил.
  2. ↑ Аҳмад, Сирожиддин. Қизил мустамлака: э'лон қилинмаган уруш Катта қирғин қомуси (1929-1950). Тошкент: Инфо Cаптал Боокс, 2022-йил — 635-бет. ИСБН 978-9943-5789-3-7.