Davlat mulki
Давлат мулки — мулкчилик шаклларидан бири, давлатга қарашли ва унинг ўз вазифаларини бажариши учун зарур барча мол-мулклар ва мулкий ҳуқуқлар. Давлат мулки тушунчаси „давлат“ тушунчаси билан узвий боғланган бўлиб, улар доимо бир-бирини тақозо этиб келади. Ўтмишда Давлат мулки асосан, босқинчилик урушлари ҳисобига кўпайиб борди. Давлат мулки таркибига иморатлар ва ердан ташқари озиқ-овқат маҳсулотлари, от-улов воситалари, ем ва бошқалар ҳам кирган. Капитализм даврига келиб турли соҳалар (пул муомаласи, бандлик, ташқи савдо, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоялаш, маданият, таълимни ривожлантириш ва б.)да давлат бошқарувчилик вазифасини бажара бошлади. Шунга боғлиқ ҳолда Давлат мулки ҳам мактаблар, касалхоналар, пул-кредит муассасалари, элчихоналар ва бошқалар ҳисобига ортиб борди. Ҳозирги ривожланган мамлакатларда давлатга қарашли корхоналар улуши турличадир. Масалан, АҚСҲ, Японияда бу миқдор жуда кам (2% атрофида). Европада ялпи ички маҳсулотнинг 10%дан (Германия) 30%гача (Австрия) бўлган улушини давлат корхоналари ишлаб чиқаради. Уларда 4%дан (Буюк Британия) 20— 25%гача (Австрия, Греция, Франсия) иш кучи банд. Давлат корхоналари иқтисодиётда ялпи капитал қўйилмаларининг (Германия, Буюк Британияда) 1/6 қисмини, Франсияда 1/3, Австрияда 1/2 қисмини амалга оширади. АҚШда экиладиган ерларнинг 1/3 қисми федерал ҳукумат мулкига киради.
Жаҳон тажрибасида Давлат мулки асосан икки йўл билан пайдо бўлади: давлат бюджет воситалари ҳисобига мол-мулк объектлари ёки давлат корхоналарини барпо этади; давлат хусусий мулкчилик эгалигида бўлган мол-мулкни қисман ёки тўлалигича миллийлаштириш (национализация)ни амалга оширади. Давлат корхоналари мулки шу тартибда давлат бюджети воситалари ҳисобидан бутун иқтисодиётнинг фаолият курсатиши учун зарур бўлган серҳаражат инфратузилма корхоналари (коммунал хўжалиги, энергетика, транспорт, алоқа)ни барпо этиш, илмий-техника прогресси билан боғлиқ айрим капиталталаб тармоқлар (электроника, авиация) ни ривожлантириш, зарар кўриб ишлаётган корхоналарни (мас, кумир саноати корхоналари) ни миллийлаштириш ва б. юли билан шаклланади.
Ўзбекистонда Октябр тунтаришидан бошлаб ХХ асрнинг 90-йиллар бошигача — Республика мустақилликка эришгунга қадар шахсий ва кооператив мулкдан ташқари барча мол-мулк Давлат мулки ҳисобланар эди. Мустақилликдан сўнг мулкчиликнинг ҳамма шакллари — Давлат мулки, аралаш мулк, қўшма корхоналар мулки, жамоа мулки, аксиядорлик мулки ва бошқаларнинг дахлсизлиги ва уларнинг ривожланиши учун тенг шароит яратиш қонун йўли билан мустаҳкамланди. Шунга кўра мулкчилик муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шунингдек, 1990-йил 31 октабрда кучга кирган „Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида“ги қонун ҳамда бир қатор қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган бўлди. Ўзбекистон Республикасида Давлат мулки таркиби, турлари қатъий белгилаб қўйилди. Иқтисодий ислоҳотларнинг етакчи бўғини тарзида мулкни давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш йўналиши танланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкидан ташкил топади. Республика мулкига (ер, ер ости бойликлари, ички сувлар, мамлакат ҳудуди доирасидаги ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, республика ҳокимият ва идора органлари мол-мулки, республика халқларининг маданий ва тарихий бойликлари, республика бюджети маблағлари, олтин захираси, валюта фонди ва бошқа давлат фондлари, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги мулки, давлатнинг бюджет ёки бошқа маблағлари эвазига яратилган ёки сотиб олинган корхоналар, ташкилотлар, ўқув, илмий, илмий тадқиқот муассасалари, шунингдек, интеллектуал фаолият натижалари ва б. киради. Маъмурий- ҳудудий тузилмалар мулки (коммунал мулк) маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари мулки, коммунал уй-жой фонди ва коммунал хўжалиги корхоналари, маҳаллий бюджет маблағлари, маданият, соғлиқни сақлаш, халқ таълими муассасалари ва б.дан иборат. Ўзбекистонда Давлат мулкига бўлган мулкчилик ҳуқуқини халқ номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва улар ваколат берган марказий давлат идоралари (вазирликлар) ҳамда маҳаллий ҳокимият идоралари амалга оширадилар. Абдулла Абдуқодиров.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |